11:03 | 16.12.23

                       

Шавкат Мирзиёев ёшлар сиёсатида амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот билан танишди

Шунингдек, Президентга Ўзбекистон болалар ташкилотини тузиш таклифи билдирилди.

Шавкат Мирзиёев 15 декабр куни ёшлар сиёсатида амалга оширилган ишлар ва келгуси йилдаги устувор вазифалар бўйича ҳисобот билан танишди.

Давлатнинг алоҳида эътиборига муҳтож 396 минг нафар ёшлар мутасадди раҳбарларга бириктирилиб, улар билан индивидуал ишлаш орқали 331 мингининг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашилган. Жумладан, 94 минг нафарининг бандлиги таъминланиб, 56 минги касб-ҳунарларга ўқитилган.

«Ёшлар дафтари» орқали кўрсатиладиган ёрдам турлари сони 30 тага етиб, мурожаатларни кўриб чиқиш муддати 30 кундан 5 кунгача қисқарди.

Жорий йилда ёшлар етакчилари тавсияси билан 338 минг нафар йигит-қизга 444 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди. Хусусан, талабаларнинг шартнома маблағлари тўланган, хорижий тиллар ва замонавий касбларга ўқитиш харажатлари қоплаб берилган.

Ҳар бир маҳаллада «Ёшлар бандлиги дастури» амалга оширилиб, жорий йилда 236 минг нафар ишсиз йигит-қиз ва 189 минг нафар мактаб битирувчисининг бандлиги таъминланган.

«Беш ташаббус олимпиадаси» бу йилдан бошлаб 4 та йўналишда – маҳалла, мактаб, профессионал таълим ва олийгоҳлар тизимида ўтказилиб, жами 12 миллион нафар ёшлар қамраб олинган. Унда ғолиб бўлган ёшларнинг маҳаллаларида жами 623 та спорт майдончаси барпо этилган.

Президентга Навоий вилоятида барпо этилган Тўдакўл халқаро шахмат мактаби тўғрисида ҳам маълумот берилган. Замонавий инфратузилма билан таъминланган ушбу мактаб йил давомида 1 минг 700 нафар ўғил-қизни ўқитиш ва 7,5 минг нафар ёшни турли тадбирлар билан қамраб олиш имкониятига эга. У ерда жаҳон ва Осиё чемпионатлари, универсиада каби халқаро мусобақаларни ўтказиш учун барча шарт-шароит яратилган.

Болаларнинг кўникмалари, қизиқишлари ва истеъдодини ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон болалар ташкилотини тузиш таклифи билдирилган. Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрлар тайёрлаш борасидаги илмий-тадқиқот ва таҳлилий ишларни такомиллаштириш зарурлиги қайд этилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: