14:23 | 24.10.23

                       

Шуҳрат Ғаниев кластерларга қарздорлиги бўлган фермерларнинг пахтасини улардан сўрамай териб олишга рухсат берди — видео

Расул Кушербаев Президент маслаҳатчисининг бу қарорини қоралади.

Ижтимоий тармоқларда Президентнинг аграр ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шуҳрат Ганиев селектор йиғилишида теримни тугатмаган фермерларнинг рухсатисиз далаларига комбайн киритиб, пахтани териб олиб кетиш ва фақат терилган тонна ҳақида маълумот берилиши кераклигини айтгани акс этган видео тарқалди.


Шуҳрат Ғаниев раислигида ўтказилган селектор йиғилишида маслаҳатчи баъзи туман раҳбарларига фермерларнинг далаларидаги пахтани уларнинг розилигисиз териб, олиб кетиш кераклигини таъкидлаган.

«Кластернинг ўзи териб кетсин: майли, фермердан сотиб олмасин, ўзи териб, ўзи олиб кетсин. Фермерга қараб ўтирмасин, машинани солиб, териб олиб кетаверсин.

Сирдарёликлар билан гаплашдим, 50 та машина олиб келамиз дейишди. Тошкент вилоятига олиб кирган жойингда пахтани териб кетаверасан дедим. Бўпти дейишди. Фермер менинг пахтамни териб кетдинг, дея олмайди. Кластер берган маблағ, кластер берган ўғит, кластер берган чигит. Фермер нима деган тақдирда ҳам кластер ноқонуний иш қилмаган бўлади. Қолаверса фермернинг қарздорлиги бор, уни узиш керак. Ҳар томонлама ҳисоб-китоб бор», деган Шуҳрат Ғаниев.

Табиат ресурслари вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев Шуҳрат Ғаниевнинг фермерларнинг рухсатисиз кластерларга пахтани териб олишга «ваколат» бериши қонунга зид эканлигини айтган.

Таъкидлаш жоизки, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасига кўра фермер етиштирган маҳсулотини, шу жумладан, бу маҳсулотини истеъмолчиларга реализация қилиш ҳуқуқини ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш ҳуқуқига эга.

Ушбу қонуннинг 22-моддасида эса фермер хўжаликларининг хўжалик фаолиятига давлат органлари ҳамда бошқа органлар ва ташкилотлар, шунингдек, уларнинг мансабдор шахслари аралашувига йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Расул Кушербаев мазкур ҳолатга нисбатан «юқори даражадаги раҳбар қонунга риоя қилмаса, қолганлардан нима кутиш мумкин», дея кескин фикр билдирган.