22:25 | 22.12.23

                       

Соғлиқни сақлаш вазирининг МИБдан 2 млн сўмга яқин қарзи борлиги аниқланди

Бюро Амрилло Иноятовнинг алимент тўламагани ҳақидаги хабарлар нотўғри эканлигини айтиб чиқди.

Шу йилнинг 21 декабр куни Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг «ҳатто алимент тўлашга пули йўқ»лигини ифодаловчи хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Мажбурий ижро бюроси берган расмий хабарга кўра, тармоқларда тарқалган вазир ҳақидаги хабарларда келтириб ўтилган 20012307105901-сонли ижро иши алимент ундирувига доир ишлар тоифасига кирмайди.

Бюро ушбу ижро иши йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун фуқаро Амрилло Иноятовдан маъмурий жаримани ундириш билан боғлиқлигини айтиб, бюронинг Бухоро вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий тузилмаларида Соғлиқни сақлаш вазиридан алимент ундириш билан боғлиқ ҳужжатлар мавжуд эмаслигини таъкидлаган.

«Ҳозирда, ушбу маъмурий жаримани ундириш чоралари кўрилмоқда», — дейилган МИБ хабарида.

Маълумот учун, юқоридаги ижро иши рақами онлайн тўлов тизими орқали киритилганда, Иноятовнинг МИБдан ушбу ижро иши бўйича жами 1 миллион 732 минг 500 сўм қарздорлиги кўринади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: