10:36 | 02.02.24
Вилоят ҳокимлиги ҳолатни ташвишли қабул қилиб, йўл таъмирланишини айтди.
Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида болалар мактабга сифатсиз йўлдан қатнаётгани акс этган видео тарқалди. Вилоят ҳокимлиги ҳолатни Ташвишли Қабул қилиб, кўрсатма берилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, «Карш» маҳалласи Сариосиё тумани марказидан қарийб 70 километр узоқликда, тоғли ҳудудда жойлашган. 91 та хонадонда 487 нафар фуқаро яшайди. Маҳалладаги 80 ўринли мактаб 2018 йилда қурилган ва ҳозирда барча зарур шароитлар билан таъминланган.
Шунингдек, 2022-2023 йиллар давомида маҳаллага транспорт бориши учун 11 километр масмофада тоғли ҳудуд орқали янги йўл очилган. Маҳалланинг 5 километр ички йўллари тошланиб, таъмирланган. Видеодаги ички йўлда ноқонуний қурилмалар сабабли таъмирлаш ишлари бажарилмай қолиб кетган.
«Йўллар, маҳаллалардаги инфратузилмани ривожлантириш аввало аҳоли фаровонлигини яхшилаш учун амалга оширилаётган бўлиб, болаларнинг сифатли таълим олиши ҳамда хавфсиз ва қулай йўллардан мактабга боришларини таъминлаш бизнинг вазифамиз», дейилади ҳокимлик муносабатида.
Қўшимча қилинишича, вилоят ҳокимининг кўрсатмаси билан «Карш» маҳалласидаги мактабга борувчи ички йўлни таъмирлаш бўйича туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар томонидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Йўлдаги қор эригач, таъмирлаш ишлари бошланади.
«Ҳолат вилоят ҳокими томонидан ташвишли қабул қилинди ва муаммони дарҳол ўрганиб, ечими бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш кўрсатмаси берилди.
Шу ўринда Сурхондарёнинг олис, тоғли ҳудудидаги йўл муаммосини олиб чиқиб, болалар таълимига эътиборсиз бўлмаган барчага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз», деган ҳокимият.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: