22:37 | 20.01.24

                       

Сурхондарёда мактаб-интернатининг 32 нафар ўқувчиси овқатдан заҳарлангани айтилмоқда

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги болаларнинг қай аҳволдалигини маълум қилди.

Сурхондарё вилоятидаги мактаб-интернатида болаларнинг заҳарлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг маълум қилишича, ҳолат вилоятнинг Сариосиё туманидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг ётоқхонасида содир бўлган.

Келтирилишича, шу йилнинг 18 январ куни мактаб ётоқхонасидаги жами 120 нафар ўқувчининг 32 нафари соат 22:00-24:00 оралиғида соғлиғи билан боғлиқ кўнгил айниши, ошқозонда ва қоринда оғриқлар билан безовталанган.

Ҳолат бўйича мактаб-интернат ҳамшираси биринчи ёрдам кўрсатган. Қўшимча ёрдам учун тез ёрдам ходимларининг кўрсатмасига кўра, болалар туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Эртаси куни Сариосиё туман санитария ва эпидемиология осойишталик маркази томонидан мактаб-интернат ошхонасининг санитария ҳолати тўлиқ ўрганилиб, 18 январ куни ўқувчиларга берилган нонушта, тушлик ва кечки овқат намуналари таҳлил учун олинган.

«Ҳозирда барча ўқувчиларнинг соғлиги яхши, дарс жараёнларда фаол иштирок этишмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаймизки, вазият ИИБ, СЕС ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан назоратга олинган», — дейилган хабарда.

Маълумот учун, 402 нафар ўқувчи таҳсил оладиган мактаб-интернатнинг ошхонасида аутсорсинг асосида «Азизбек Омад учқуни» МЧЖ фаолият олиб боради.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: