14:12 | 26.11.23

                       

Тошкент шаҳрида аҳолининг тинчини бузган ресторан фаолияти тўхтатилди

Аҳоли томонидан шовқин бўлиши ва қовурилган таомларнинг ҳиди катта ноқулайлик туғдириши айтилган.

Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати ёзишича, Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчаси 59-уйда истиқомат қилувчи аҳоли кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашган «Ялпиз» ресторани ўз фаолияти билан шу уй аҳолисига қатор ноқулайликлар келтиришини айтган.

Аҳоли томонидан рестораннинг уй-ҳовлисида жойлашган хўжалик қурилмасида ресторан раҳбарияти томонидан ошхона ташкил қилингани, ресторан дудбўронлари, кондиционерлар қаторида таомларни тайёрлаш учун иссиқлик ускуналари, шу жумладан мангал ўрнатилгани, мангал кўмирда ёқилиши ва бу кўп қаватли уй учун ёнғин хавфини келтириб чиқариши важ қилинган.

Бундан ташқари, бевосита аҳоли деразаларига яқин жойлашган дудбўронлардан чиқаётган шовқин ва қовурилган таомларнинг ҳиди, аҳоли учун катта ноқулайлик туғдириши айтилган. Бундан ташқари, ресторан ходимлари томонидан уй ҳовлисида чиқиндилар ташлаб кетилиши ҳолатлари кузатилган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси тегишли ўрганиш ва текширувлар олиб бориб, 25 ноябрь куни умумий овқатланиш масканининг раҳбарияти томонидан фаолиятда қатор камчиликларга йўл қўйилгани аниқланган ва уларни белгиланган муддат ичида бартараф этиш мажбурияти юкланган. Шота Руставели кўчаси, 59-уй ҳовлисида жойлашган ускуналарни бошқа, аҳолига ноқулайлик туғдирмайдиган жойга кўчириш белгиланиб, рестораннинг фаолияти камчиликлар бартараф этилишига қадар тўхтатилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: