10:51 | 13.11.23
Аввалроқ, пойтахтда 8 ноябрдан иситиш мавсуми бошланиши айтилганди.
Ижтимоий тармоқларда пойтахтнинг бир нечта жойларида, шу билан бирга Чилонзор туманидаги айрим кўпқаватли уйларга иссиқлик қуввати етиб бормаётгани ҳақидаги хабар тарқалди. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати бу бўйича изоҳ берди.
Айтилишича, туманда куз-қиш мавсумига ҳар томонлама мукаммал тайёргарлик кўрилган ва айни вақтда ушбу ишлар давом эттирилмоқда. Тайёргарлик пайтида тумандаги барча кўпқаватли уйлар ва ижтимоий объектларнинг иссиқлик тизимлари юқори босимли синовдан ўтказилган.
Шу билан бирга, 13 октябрдан бошлаб махсус ишчи гуруҳ ташкил этилган ҳолда, барча кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектлари тўлиқ хатловдан ўтказилган. Натижада, тумандаги 482 та объектларда, жумладан, 467 та кўп қаватли уй, саккизта боғча, иккита мактаб, битта олий ўқув юрти биноларида, иккита оилавий ётоқхонада ҳамда иккита иссиқлик таъминоти масалаларида муаммолар аниқланган. Шундан 467 та кўп қаватли уй, ижтимоий соҳа ва бошқа объектлардаги муаммоли масалалар бартараф этилган.
Ҳозирда туманда мавжуд бўлган 1238 та кўпқаватли уйлардан 1219 тасига иссиқлик қуввати етказиб берилган. Қолган 19 та кўпқаватли уйларнинг ертўла коммуникация тармоқларида аниқланган камчиликлар бартараф этилаётгани, тез кунларда ушбу уйларга ҳам иссиқлик қуввати тўлиқ етказиб берилиши таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов қарори билан туман ҳокимликлари назорати остида 2023 йил 7 ноябрдан ижтимоий соҳа объектларини синов тариқасида иситилиши ҳамда 8 ноябрдан кўп қаватли турар-жой биноларини мунтазам иситиш бошланиши айтилганди.