12:45 | 29.02.24

                       

Тошкент вилоятида фуқарони Ички ишлар бошқармасига ишга киритиб қўйиш учун пул талаб қилган шахс ушланди

Ангренда Қ.С. исмли шахс ҳуқуқ-тартибот идораларидаги мансабдор танишлари орқали фуқарони Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасига ишга киритиб қўйиш эвазига 5000 доллар олган вақтида ДХХ ва прокуратура томонидан ушланди.

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида фуқарони Ички ишлар бошқармасига ишга киритиб қўйиш учун 5000 доллар олган шахс қўлга олинди.

Маълум бўлишича, ДХХтининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди.

Хусусан, Ангрен шаҳрида яшовчи 1974 йилда туғилган К.С. ҳуқуқ-тартибот идораларидаги мансабдор танишлари орқали фуқарони Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасига ишга киритиб қўйиш эвазига 5000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Бошқа ҳолатда эса Олмалиқ шаҳрида жойлашган хусусий автомактаб директорининг ўринбосари Ч.Х. маҳаллий фуқарога ўқув курсларига қатнашмасдан, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш эвазига 3000 АҚШ доллари олган вақтида ушланди. Таъкидланишича, Ч.Х. муқаддам Жиноят кодексининг 166-моддаси (талончилик) ва 277-моддаси (безорилик) билан судланган бўлсада, ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармаган.

Ҳозирда ҳар иккала қонунбузарга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: