18:13 | 31.05.24

                       

Тошкентда ЙТҲ содир қилган ҳайдовчи 5 йилга қамалди

Тошкентда ЙТҲ содир қилган ҳайдовчи 5 йилга қамалди. Жабрланувчи ундан 100 млн сўм маънавий ва 38 млн сўм моддий зарарни қоплаб беришни талаб қилди.

Тошкентда ЙТҲ содир қилган «Spark» автомобиль ҳайдовчисига 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди. Бу ҳақда Bugun.uz манбалари хабар берди.

Маълум қилинишича, 2023 йил 21 октябрь куни, соат 04:30 ларда судланувчи И.М. бошқарувидаги «Spark» русумли автомобиль Яккасарой туманида жойлашган Кичик ҳалқа автомобиль йўли кўприги устига яқинлашган вақтида руль бошқарувини йўқотиб, автомобилнинг олд қисми билан кўприк четидаги бетон бардюрга тўқнашув содир қилган. Оқибатда, йўловчилардан бири Х.М. оғир даражадаги тан жароҳати олиб, вафот этган ва Х.Т. эса шифохонага мурожаат қилган.

Суд мажлисида И.М. айбига тўлиқ иқрор бўлди. У жабрланувчиларга имкон қадар ёрдам кўрсатиб келаётганлигини, бундан кейин ҳам ёрдам кўрсатишини, содир этган эҳтиётсизлигидан пушаймондалигини баён қилиб, унга нисбатан енгиллик беришни сўраб кўрсатувлар берди.

Бундан ташқари, жабрланувчиларнинг қонуний вакили Х.Д. билан Telegram месенжери орқали сўроқ қилинганида М.Х. 2024 йил 22 январь куни Россия Федерациясидаги шифохонада вафот этганлигини, М.И. уларга ёрдам кўрсатганлигини, лекин етказилган моддий зарар тўлиқ қопланмаганлигини, бундан кейин ҳам даволанишлари лозимлигини, натижада жами бўлиб уларга жами 37.814.578 сўм моддий зарар ва 100.000.000 сўм маънавий зарар етказилганлигини баён қилиб, судланувчидан қолган зарарни ундиришни ва қонуний чора кўришни сўраган.

Судда И.М. Жиноят Кодексинининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан айбдор деб топилди. Унга нисбатан 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: