19:21 | 01.07.24
Тошкентда кўчадан 40 ёшли эркакнинг жасади топилди. Марҳум ўлимидан олдин ҳайдовчига ўз жонига қасд қилмоқчи эканлигини айтган (видео).
Бектемир туманидаги кўчалардан бирида 40 ёшли эркакнинг жасади топилди. Бу ҳақда Bugun.uz манбалари хабар берди.
Маълум қилинишича, 2024 йил 1 июль куни соат 06:03 ларда Тошкент шаҳар ИИББга Бектемир туманида газон устида номаълум эркак кишининг жасади қонга беланган ҳолда ётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида воқеа содир бўлган жойга тергов-тезкор гуруҳи ва туман раҳбарлари етиб борган. Олиб борилган суриштирув ишлари давомида мазкур жасад Самарқанд вилоятида доимий рўйҳатда турувчи 1984 йилда туғилган фуқаро А.С. эканлиги аниқланди.
СМEнинг дастлабки хулосасига кўра, мурданинг иккала қўлининг билак қисмларида, бўйин қисмида ҳамда чап оёғи сон қисмида кесилган жароҳатлари аниқланиб, ушбу тан-жароҳатларни ўзига-ўзи етказилган бўлиши мумкинлиги эҳтимолдан холи эмаслиги кўрсатиб ўтилган.
Воқеа жойида олиб борилган суриштирув ишлари давомида жасаднинг ётган жойдан 1 дона лезвия қон доғлари билан топилиб расмийлаштириб олинган. Ҳозирги вақтда мазкур ҳолатга бўйича воқеа содир этилган жойи ва атрофидаги видео кузатув мосламалари ўрганилиб чиқилиб, Nexia русумли машина ҳайдовчиси (киракаш) билан олиб борилган суҳбат давомида, А.С. спиртли ичимлик истеъмол қилган бўлганлиги ҳамда ўз жонига қасд қилмоқчи эканлигини айтганлиги, сўнг ўзига ўзи лезвияда тан жароҳати етказганлиги, автомашина қон бўлганлиги сабабли ҳайдовчи уни тушириб юборганлиги маълум бўлди.
Марҳум А.С. тўғрисида унинг яқин алоқалари, яшаш манзили ва фаолият турини аниқлаш мақсадида тезкор суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.