21:18 | 02.07.24
Бухорода 16 ва 17 ёшли ўсмирларнинг тўйи бўлди. Маъсуллар ҳолатга муносабат билдирди.
Бухорода 16 ва 17 ёшли ўсмирларнинг тўйи бўлиб ўтди.
Маълум бўлишича, оила қуришга аҳд қилган йигит 2008 йилда туғилган бўлиб 16 ёшда, қиз эса 2007 йилда туғилган ва 17 ёшда. Қиз томонидан тўй маросимлари бошланиши билан маҳалла мутахассислари бунга қаршилик кўрсатишган.
«Иккала вояга етмаган шахсни оила қурганлиги кўпчилик қатори бизни ҳам қаттиқ ташвишга солди. Оила аъзоларини, оилани бориб бир неча маротаба маъсуллар билан огоҳлантиришларга қарамасдан, иккала томон қудалар келишган ҳолда Қоракўл туманида эмас, Бухоро шаҳридаги тўйхоналар бирида тўйни ўтказишган», — деди Қоракўл тумани «Дўстлик» маҳалласи хотин-қизлар фаоли.
Куёв Шофиркон туманида, қиз эса Қоракўл туманида яшаб, вояга етган. Уларнинг яшаш ҳудудлари ўртасидаги масофа узоқ бўлишига қарамасдан, тақдирлари туташ бўлганлиги ҳаммага қизиқ.
Маълумотларга кўра, қизнинг ота-онаси ажрашган. Ҳозирги кунда қизнинг онаси Россияда бўлиб, қиз бувисининг тарбиясида бўлган. Йигитнинг ота-онаси эса пойтахтда тадбиркорлик билан шуғулланади.
«Биз тўйини кузатадиган бўлсак, мактаб ўқувчилари ўйнаб ўтирибди. Улар учун бу ибратми? Ўсмирлар қаттиқ назоратда бўлиши керак. Шу пайтда ота-она Тошкентда бўлса, боласини ҳам ўзи билан бирга олиб кетиши керак эди. Мактаб майли, ҳозир таътил пайти деймиз. Лекин маҳалла, қариндошлар бунга эътибор бериши керак эди. Ҳодиса ҳаммамизни сергак тортиряпти. Биз ёшлар билан ишлашимизни яна бир бор таҳлил қилишимиз керак», — деди Олий Мажлис Сенати аъзоси Абера Ҳусейнова.
Ҳозирги кунда тегишли ташкилотлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ёш оиланинг ота-оналарига жарима қўлланиши мумкин.