20:12 | 04.07.24

                       

Тошкентда эркак аёлнинг бошини айлантириб, пулларини «ухлатиб кетди»

Тошкентда эркак эри йўқ аёлни бошини айлантириб, 3 минг доллардан ортиқ пулини «ухлатиб кетди».

Тошкент шаҳар Миробод туманида эри йўқ аёл билан танишиб, унга уй олиб беришни ваъда қилган ва пулларини ўзлаштириб олган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2023 йилнинг январь ойида эркак бир аёл билан танишган. Ўзини алоқа компаниясида ишлашини айтиб, унга «9999» рақамини олиб беришни ваъда қилган ва 300 минг сўм пулини олган. 3 кундан кейин учрашувга таклиф қилиб, шахсий ҳаёти билан қизиққан ва фарзандларининг ёлғиз боқувчиси эканини аниқлаган. Шундан сўнг аёлга уй олиб беришни таклиф қилган ва бошланғич тўлов учун 1 700 доллар олган. Кейинроқ тезда 3 200 доллар бермаса, аввалги пуллари куйиб кетишини айтган ва сўраган пулларини олган.

Эркак яна 3 200 доллар сўраганида, аёл айтилган пулни топиб бера олмаган. Аввал берган пулларини ҳам қайтариб беришини айтганида эркак телефонини ўчириб, бутунлай йўқ бўлиб кетган.

Аниқланишича, у 2022 йилда фирибгарлик жинояти учун 2 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган. Бундан ташқари, юк ташувчи эркакдан ҳам 1 400 доллар олиб, қочиб юргани маълум бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди томонидан эркакка нисбатан беш йилу икки ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.