11:33 | 07.07.24

                       

Жиззахда ака-ука куйдирги касаллигига чалингани гумон қилинмоқда

Жиззахда ака-ука куйдирги касаллигига чалингани гумон қилинмоқда. Мутахассислар ҳолатга муносабат билдирди.

Жиззахда икки фуқаро куйдиргига чалингани гумон қилинмоқда.

 

Маълум қилинишича, Зафаробод тумани, Ёрқин шаҳарча фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро даладан қайтган қорамолини касал деб гумон қилиб, сўйган. Ёрдамга эса акасини чақирган. Орадан бир неча кун ўтгач ака-укаларда яралар пайдо бўлган.

«Биринчи кичкина чиқди. Озроқ шишди. Қичишади бу яра. Врачга борай, кўринай деб келдим шу ерга», — деди бемор ука.

Қорамол гўшти камида 8 та қўшнига сотилган. Бир қисми эса оила аъзолари билан истеъмол қилинган.

«Укам сўйди. Мен гўштни майдаладим. Бошқа иш қилмадим. Кичкинагина донача бўлиб, чиқиб бошлайверди. Бошлаб келгандан кейин, нималигига тушунолмадим», — деб айтди бемор ака.

Яралар тузалавермагач фуқаро 28 июнь куни шифокорга мурожаат қилган. Ортидан эса унинг акасини ҳам олиб келишган.

«Келган вақтда иккаласида ҳам ярадан ташқари оғриқ, кўнгил айниши, бош оғриғи, тана ҳарорати кўтарилиши каби белгилари бор эди. Ҳозирда эса йўқ. Ҳаммаси ўтиб кетди. Яра қуруқлашиб, яхши томонга ўзгармоқда», — деди Зафаробод ТТБ юқумли касалликлар бўлими мудири.

Ҳолат ҳақида туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тегишли ташкилотларга хабар берилган.

«Ўрганиш ишлари ўтказилди. 14 кунлик назоратга олишимиз керак касаллик ўчоғида мулоқотда бўлганларни. Ҳаммаси назоратда турибди. Ҳозирча бошқа касалликлар чиқмади», — деди туман санитария ва эпидемиологик осойишталик бўлими бошлиғи.

Маълумотларга кўра, касаллик тасдиқланмаган. Текширув давом этмоқда. Лекин, баъзи мутахассилар катта эҳтимол билан куйдирги касаллиги бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

«Олиб кетишган ҳамма таҳлилларни. Жавоблари келишини кутиш керак. Ҳозирда даволаниш шу куйдирги касаллигидаги даволаниш бўляпти», — деди Зафаробод ТТБ юқумли касалликлар бўлими мудири.

Куйдирги касаллиги тери шакли нисбатан енгил кечиши, ўпка ва ичак шакллари эса қисқа вақтда ўлим билан якунланиши мумкинлиги билан хавфли ҳисобланади. Шунинг учун, қорамолларни касаллик қарши эмлатиш, ўз бошимчалик билан уй шароитида сўймаслик зарур.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: