21:57 | 07.07.24

                       

Тошкент аэропортига самолётлар қўниши бекор қилинди

Тошкент аэропортига самолётлар қўниши бекор қилинди. Ноқулай об-ҳаво туфайли самолётлар бошқа аэропортларга йўналтирилган.

Тошкент аэропортида ноқулай об-ҳаво шароити сабабли самолётлар қўниши бекор қилинди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар берди.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳрида ёмғир ёғиб, ноқулайликлар келиб чиқмоқда. Кучли момақалдироқ чалинмоқда.

Шунингдек, Тошкентдаги ёғаётган кучли ёмғир сабаб тунелларни сув босмоқда, ариқлар тўлиб-тошган.

Маълумотларга кўра, Тошкент аэропортида маҳаллий вақт билан соат 19:44 да ноқулай об-ҳаво шароити (ёмғир, аэродром устида момақалдироқ) туфайли ҳаво кемаларининг қўниши ва учишига чекловлар жорий этилди.

Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли бир нечта рейслар муқобил аэродромларга йўналтирилди. Хусусан, бортида 183 йўловчи бўлган Санкт-Петербург – Тошкент йўналиши бўйича учган HY-634 рейси, Мюнхен – Тошкент йўналиши бўйича учган ва бортида 116 йўловчи бўлган HY-236 рейслари Самарқанд аэропортига қўнган.

Бундан ташқари, учта юк рейслари муқобил аэродромларга йўналтирилган. HY-3124 Будапешт-Тошкент рейси Навоийга, AZG-6941 Боку – Тошкент рейси Наманган аэропортига, MXF-656 Урумчи – Тошкент рейси Самарқандга қўнган.

Айни дамда Тошкент аэропортида об-ҳаво шароити барқарорлашди. Ўрнатилган чекловлар олинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: