16:29 | 28.09.23

                       

Тошкентда омборхона портлади — асосий маълумотлар

Bugun.uz ҳолат юзасидан сўнгги соатларда юз берган воқеалар хронолигиясини тақдим этади.

Бугун, 28 сентябр куни соат 02:43 да Тошкент шаҳри Сергели тумани «Қурувчи» МФЙ Хонобод кўчасида жойлашган «Интер Логистика» омборхонасида кучли портлаш содир бўлди. Портлаш кучи 30 километр узоқликдан ҳам сезилгани айтилди.

Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz

Ҳодиса натижасида омбор яқинидаги уйлар, автомобиллар, бино ва иншоотларга жиддий зарар етди. Ҳатто яқинда «Қурувчи» номи берилган йўл усти метро бекати ҳам шикастланди. Воқеа жойига фавқулодда хизматлар етиб борди. Портлашдан сўнг ҳудудда кучли ёнғин келиб чиқди.

Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz

Ёнғинни ўчириш учун аввалига ўнлаб ўт ўчириш машиналари ва махсус техникалар жалб қилинган бўлса, кейинроқ 210 та техника ва 2000 дан ортиқ шахсий таркиб воқеа жойида иш олиб борди.

Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳодисанинг илк соатларида ўта жиддий жароҳат олганлар йўқлиги, омборхона яқинидаги уйларда эса жароҳатланганларга ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилди. Бироқ кейинроқ Bugun.uz мухбири воқеа жойига бориб ҳолатни ўрганганида, маҳаллий аҳоли вакиллари 17 ёшли бола шиша синиқлари отилиши оқибатида ҳалок бўлгани, жароҳатланганлар ҳам оз эмаслигини айтди. Бироз ўтиб бу хабар тасдиқланди. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги жабрланганлар сони 163 нафарлиги, уларнинг асосий қисмига аҳволи яхшилангани учун уйига жавоб берилганини очиқлади.

Фото: Bugun.uz

Ёнғин билан биргаликда ижтимоий тармоқлардаги ҳолат бўйича тарқалаётган фейк хабарлар ва ёлғон ахборотлар ҳам алангаланиб борди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги улардан бирига раддия ҳам бериб чиқди – гўёки Сергелидаги портлаш самолёт қулаши оқибатида келиб чиққани ҳақидаги миш-мишларда асос йўқлиги айтилди.

Бу орада воқеа жойига бир қатор раҳбарлар, жумладан, бош вазир Абдулла Арипов, унинг ўринбосари Очилбой Раматов, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовлар етиб борди.

Фото: Bugun.uz

Шавкат Умурзоқов ҳудуддаги аҳоли хонадонларида бўлиб, жабрланган аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди ва уларга ҳодиса оқибатида етказилган зарар «2-3 кун ичида» қоплаб берилишини айтди.

Ёнғинни ўчириш ишлари давом этар экан, жараёнга Мудофаа вазирлигининг вертолёти ҳам жалб қилинди.

Кейинроқ ҳолат юзасидан омбор портлаши бўйича Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилди.

Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz

Ёнғин соат 10:47 га бориб ўчирилди. Умумий 15 минг квадрат/метр майдондаги олов ўчирилиб, 30 минг квадрат/метр майдон ёнғиндан сақлаб қолинди. Ҳудудга Миллий гвардия, Соғлиқни сақлаш, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда хизматлар ва Ички ишлар ходимлари жалб қилинди. Ҳарбийлар портлаш ва ёнғиндан кейин кўрилган талафотларни бартараф этиш, ҳудудларни тозалаш ишларида кўмаклашган бўлса, тиббиёт ходимлари жабрланганларга ёрдам кўрсатди. Бундан ташқари, махсус чодирлар тикилиб, жабрланганлар учун уч маҳал овқат ташкил қилинди.

Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz

Шунингдек, ҳукуматнинг Сергелидаги фавқулодда вазият бўйича фармойиши эълон қилиниб, унда ҳодиса оқибатида зарар кўрган барча бино ва иншоотларга етказилган зарарни бартараф этиш юзасидан моддий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш топширилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: