13:01 | 20.07.24
Қурилганидан икки кун ўтиб қулаб тушган бекат ҳақида маълумот берилди. Ҳокимликнинг муносабати «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ кўрсатган сабаблардан фарқ қилади.
Яшнобод тумани, «Тузель» мавзесидаги «Ғалабанинг 40-йиллиги» автобус бекати қулаб тушгани ҳақида хабар берилган эди.
Туман ҳокимлигининг маълум қилишича, мазкур автобус бекати фуқаро Сидиков Алишерга мулк ҳуқуқи асосида ажратилган.
Мазкур автобус бекатининг ҳужжатлари текширилганда, фуқаро А.С. унга ажратилган 10.0 кв.м.дан ортиқ яна қўшимча 30.0 кв.м майдонни ноқонуний эгаллаб олингани аниқланган. У енгил турдаги конструкцияли савдо шаҳобчасини қурган. Савдо дўконининг кириш эшиги автобуслар тўхтайдиган жойга жуда яқин масофада эканлиги, яъни йўловчиларнинг автобусга чиқиб-тушишлари учун ноқулай экани маълум бўлган.
«Қонун бузилиш ҳолати аниқлангандан сўнг, мазкур тадбиркор бир неча бор огохлантирилган ва унга нисбатан маъмурий жазо қўлланиб, 49 500 000,0 сўм миқдорида жарима тайинланган. Бекатда қурилган савдо дўконида аниқланган қонун бузилиши ҳолатини бартараф этиш мақсадида бузиб қайта қуриши таклифи берилган. Тадбиркор амалдаги қонунчилик талаблари асосида дўконни ўзи бузган.
Шу куннининг ўзида туман ҳокимлиги томонидан, аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида янги автобус бекати қурилди», дейилади хабарда.
Аввалроқ «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ҳолат юзасидан муносабат билдирганди. Унга кўра, 15 июль куни барпо этилган ушбу бекатнинг устуни яхши мустаҳкамланмагани сабабли 17 июль куни бекат ағдарилиб тушган эди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: