13:02 | 19.10.23

                       

Тошкентда Ўзбекистон ва Татаристон бизнес-форуми бўлиб ўтди

Форум доирасида «Жиззах» кимё-индустриал технопаркининг тақдимоти ҳам ўтказилган.

Тошкентда 2023 йилнинг 17-19 октябр кунлари Ўзбекистон ва Татаристон ишбилармонлар бизнес-форуми ўтказилди. Бу ҳақда «Чирчиқ» кимё-индустриал технопарки матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Чирчиқ» технопарки

Қайд этилишича, дастур доирасида «Чирчиқ» ва «Жиззах» кимё-индустриал технопаркларининг фаолияти, хорижий инвесторлар учун тақдимотлар, road-show, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича музокаралар олиб борилган. Шунингдек, «Жиззах» технопаркининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтган.

Фото: «Чирчиқ» технопарки

Бизнес-форумда Татаристон бош вазирининг ўринбосари – саноат ва савдо вазири О.Коробченко, Татаристон Савдо-саноат палатаси уюшмаси раиси Ш.Агеев, «Химград» АЖ бош директори ва Россиядан 30 нафар тадбиркор иштирок этган.

Фото: «Чирчиқ» технопарки

Татаристон корхоналари Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, жумладан, «Чирчиқ» ва «Жиззах» технопаркларида ишлаш имкониятлари билан танишишган. Бизнес миссияси дастури технопаркларга ташриф буюриш, бизнес-форум ва B2B учрашувларини ўтказишни ўз ичига олган.

Фото: «Чирчиқ» технопарки
Фото: «Чирчиқ» технопарки

Тадбирнинг биринчи куни 17 октябрда «Чирчиқ» кимё-индустриал технопаркида ўтказилган. Унда меҳмонлар «Чирчиқ» технопарки резидентларининг ишга туширилган ишлаб чиқаришларига ташриф буюрган. Жумладан, «Rhodium Polymer» МЧЖ кўпикли полипропилен ишлаб чиқарувчиси, «VR-PLAST TPE» МЧЖ термоэластопластлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиси, «Himplast Corp» МЧЖ ҚК ностандарт кимёвий чидамли маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиси, «DECONEXT CORP» МЧЖ ХҚ декоратив-қоғоз-қатламли пластик ишлаб чиқарувчиси кабиларнинг фаолияти билан танишилган.

Фото: «Чирчиқ» технопарки
Фото: «Чирчиқ» технопарки
Фото: «Чирчиқ» технопарки

Бизнес-форум давомида Чирчиқ шаҳри ҳақида тақдимот билан шаҳар ҳокими Д.Ҳидоятов, «Чирчиқ» технопарки – «Химград» АЖ бош директори А.Гиззатуллин, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш тажрибаси хақида «VR-Plast TPE» МЧЖ директори А.Поляков, Тошкент кимё ва технология илмий-тадқиқот институти директорининг ўринбосари М.Каримов институтнинг янги ишланмалари тўғрисида сўз юритган. Шунингдек, «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси Т.Муҳаммаджонов тадбир иштирокчилари учун табрик йўллаган.

Фото: «Чирчиқ» технопарки

Асосий бизнес-форум эса 19 октябр куни Тошкентда ўтказилган бўлиб, унда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабоев, Россиянинг Ўзбекистондаги савдо вакили Константин Злигостев, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов, «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси Тимур Муҳаммаджонов, «Татаристон Республикаси савдо-саноат палатаси» уюшмаси раиси Шамил Агеев, «Чирчиқ» кимё-индустриал технопарки дирекцияси директори Жаҳонгир Абдураҳмонов, «Ўзкимёсаноатлойиҳа» АЖ бош директори Искандар Аҳмадажонов, Давлат божхона қўмитаси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шукрулло Мўминов, Давлат солиқ қўмитасининг халқаро солиқ солиш бўлими бўлими бошлиғи Рано Алишаева, «Татаристон Республикаси савдо-саноат палатаси» уюшмаси раисининг ўринбосари Марат Ахматов кабилар нутқ сўзлаган.

Форум иштирокчиларига Татаристон раҳбари Рустам Миннихановнинг табригини Олег Коробченко ўқиб эшиттирган. Бизнес-форум доирасида иштирокчилар «Жиззах» технопарки билан ҳам танишиши кўзда тутилган.

Фото: «Чирчиқ» технопарки

Маълумот учун, «Чирчиқ» ва «Жиззах» кимё-индустриал технопарклари кичик ва ўрта бизнесга ижара ёки сотиб олиш ҳуқуқи асосида майдон ва ер участкаларини тақдим этадиган майдонлардир. Бунда тадбиркорлар ўз ишлаб чиқаришларини тайёр майдонларга жойлаштиришлари мумкин бўлади. Чирчиқ ва Жиззахдаги саноат парклари маҳаллий ва хорижий компаниялар ишлаб чиқаришларини маҳаллийлаштириш учун ташкил этилган. Технопарк ҳудудида ҳар қандай ер участкаси ва бино яқинида электр таъминоти тармоқларига уланиш нуқталари бўлган ривожланган муҳандислик инфратузилмаси барпо этилган. Бу ерда резидентларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун барча шароитлар яратилган.

«Чирчиқ» технопарки ҳудуди 39 гектарни, «Жиззах» технопарки эса 13,63 гектарни ташкил этади. «Чирчиқ» ишлаб чиқариш биноларининг умумий майдони 190 минг квадрат/метр, «Жиззах» – 63,3 минг квадрат/метрни ташкил этади. Иккинчи технопаркда тайёр ишлаб чиқариш бинолари мавжуд.

Фото: «Чирчиқ» технопарки

Ушбу босқичда «Чирчиқ» технопаркида 34 та лойиҳа амалга оширилмоқда, инвестиция суммаси 255 миллион доллар. Бугунги кунда 10 миллион долларлик 5 та корхона ишга туширилган. 2023 йил якунига қадар қиймати 18 миллион доллар бўлган яна 8 та лойиҳа амалга оширилади. Жами 249 та иш ўрни яратилган, бошқа корхоналар ишга туширилиши билан уларнинг сонини кўпайтириш режалаштирилмоқда. «Чирчиқ» резидентлари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Грузия каби мамлакатларга маҳсулот экспорт қилмоқда.

Ушбу ғоя ғоя Татаристоннинг «Химград» Технополисидан олинган. Комплекс муҳандислик инфратузилмасининг мавжудлиги ишлаб чиқаришни тез бошлаш имконини беради. Ҳудуд профессионал бошқарув компанияси томонидан назорат қилинади. Унинг иши «бир дарча» тамойили асосида ташкил этилган.

Фото: «Чирчиқ» технопарки

Технопаркни яратиш бўйича ишлар «Химград» технополиси томонидан «Ўзкимёсаноат» АЖ билан ҳамкорлик доирасида ҳамда Татаристон ва Ўзбекистон ҳукуматларининг бевосита кўмагида амалга оширилмоқда. Бу лойиҳанинг ўз вақтида амалга оширилиши, Технопаркни барқарор ишлаши ва резидент корхоналарга имтиёзлар берилишини кафолатлайди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: