15:47 | 23.02.24

                       

Тошкентдаги жанжалда ППХ ходими жароҳат олди

Тошкентда тунги клубларнинг бири олдида содир бўлган жанжалда ППХ ходими жароҳатланди. Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар Юнусобод тумани прокуратурасига тақдим этилган.

Ижтимоий тармоқларда Тошкентда бир неча фуқаро ички ишлар органлари ходимларига қаршилик кўрсатаётгани акс этган видео тарқалди. Шаҳар ИИББ ҳодиса юзасидан расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, 22 феврал куни, тахминан, соат 23:30 ларда Юнусобод туманида жойлашган тунги клублардан бирининг олдида беш нафар (33 ёшли Б.Х., 32 ёшли Н.Ё., 33 ёшли Ш.Ж., 50 ёшли М.И. ва 32 ёшли Ш.О.) шахслар жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимай, жамоат жойида маст ҳолатда бақир-чақир қилиб, фуқароларнинг осойишталигини бузган.

Ҳодиса жойига мазкур ҳудудга жалб қилинган ППХ ходимлари етиб келиб, ушбу фуқароларни тинчлантириб, вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида туман ИИО ФМБга боришларини таклиф қилишган. Бироқ фуқаролар ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармай, уларга фаол қаршилик кўрсатган. Оқибатда ППХ инспектори Д.Толипов жароҳат олган.

«Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар Юнусобод тумани прокуратурасига тақдим этилган бўлиб, терговга қадар текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», — дейилади ИИББ расмий муносабатида.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: