22:00 | 10.01.24

                       

Турин политехника университетига янги ректор тайинланди

Собиқ вазир ўринбосари бўлган янги раҳбар ўзбек тилини тушунадиган биринчи роботни яратган.

Турин политехника университетига Олимжон Алижонович Тўйчиев ректор этиб тайинланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.

Тайинловга қадар вазирлик ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги директори бўлган Тўйчиев ушбу лавозимидан озод қилинди.

Олимжон Тўйчиев 1991 йилда Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида туғилган. Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг бакалавр даражасини 2015 йилда машинасозлик муҳандиси мутахассислиги бўйича ва магистрлик даражасини 2017 йили мехатроника йўналиши бўйича тугатган. Шунингдек, 2016–2017 йилларда Германиянинг Хохенҳайм университетида таҳсил олган.

Маълумот учун, Тўйчиев 2013 йилда овоз орқали масофадан бошқарилиб, турли топшириқларни бажарадиган, ўзбек тилини тушунадиган биринчи роботни яратиб, фан ва техника соҳасида, айниқса, робототехника соҳасини ёшлар ўртасида кенг кўламда оммалаштириш йўлида қўшган ҳиссаси учун «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: