8:14 | 15.04.23

                       

Туркия «Севимли манзил» мукофоти билан тақдирланди

Мамлакат дунёнинг етакчи ҳашаматли тўй ташкилотчилари бирлашмаси RSVP томонидан мукофотланган

Туркия дунёнинг етакчи ҳашаматли тўй ташкилотчилари бирлашмаси RSVP’нинг «RSVP Гала мукофотини топшириш маросими»да дунёнинг энг «Севимли манзили» деб эътироф этилди.

RSVP ўзи нима?

Бу тузилма ҳашаматли тўйлар ва зиёфатлар дунёсини бирлаштирадиган таниқли платформа бўлиб, симпозиумлар, конференциялар, тақдирлаш маросимлари ва тармоқ тадбирларини ташкил қилади. 2018 йилдан бери ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинаётган RSVP анжумани глобал ҳашаматли тўй ва зиёфатлар саноатида етакчи тадбир ҳисобланади. Унинг бу йилги йиғилиши Испания пойтахти Мадридда бўлиб ўтди. Конференцияда серҳашам тўй, зиёфат ва тадбир соҳаси мутахассислари, шунингдек, нуфузли маърузачилар иштирок этди. 30 мамлакатдан 250 га яқин иштирокчилар қатнашган конференцияда барқарор ташкилотлар, брендинг, тўй ва тадбирлар секторидаги тенденциялар бўйича турли симпозиумлар ўтказилди.

Бу йилги конференцияда Туркия энг олд қаторда бўлди. 20 тоифадан иборат бўлган RSVP Глобал мукофотлари Туркияни «Мақсад» номинациясида «Севимли манзил» мукофоти билан тақдирлади. Қолаверса, навбатдаги конференция 2024 йил 2–5 апрел кунлари Истанбулда бўлиб ўтиши эълон қилинди. Истанбул дунё миқёсидаги кенг қамровли маросим ва тантаналарни аъло даражада ташкиллаштира олиши ва ҳозирги замонавий шаҳарлардан бири эканлиги тадбирда алоҳида тилга олинди.

Истанбул — анъанавийлик ва замонавийлик уйғунлиги

Туркиянинг «туризм пойтахти» бўлмиш Истанбул шаҳри тўйлар учун энг машҳур танловлардан биридир. Шарқ ва Ғарб ўртасида кўприк бўлган шаҳарнинг ўзига хос муҳити ва дунёнинг деярли исталган нуқтасидан тўғридан-тўғри учишларни таклиф қилувчи авиакомпаниялар туфайли Истанбулга турли қитъаларда яшовчи меҳмонларнинг осонлик билан кела олиши унинг асосий устунлигидир. Истанбулнинг жозибали ва ҳашаматли меҳмонхоналари 200 дан 2000 гача тўй меҳмонларини сиғдирадиган ёпиқ ва очиқ жой майдонларига эга. Ажойиб архитектураси ва замонавий инфратузилмаси билан ажралиб турадиган ушбу меҳмонхоналарда зиёфат заллари, курорт марказлари ва ям-яшил боғлар мавжуд бўлиб, уларда жуфтликлар истаганча кўнгил ёзишлари ва умр бўйи давом этадиган хотираларни тарихга мухрлаб қўйиши мумкин.

Истанбулнинг тўй ўтказиш манзиллари фақат ҳашаматли меҳмонхоналар билан чегараланмайди. Усмонли империясининг собиқ пойтахти сифатида шаҳар ўзининг кўзни қамаштирувчи саройлари ҳамда виллаларига эга. Уларнинг аксарияти асл қиёфасида тикланган ва замонавий буюмлар билан жиҳозланган. Буларнинг аксарияти Босфор бўғози бўйлаб жойлашган ва сизга ажойиб манзараларни тақдим этади ва муҳташам тўйлар учун ажойиб муҳит яратиб беради.

Бодрум: Эгей минтақасининг марвариди ҳақида

Эгей минтақасининг энг машҳур ҳашаматли дам олиш масканларидан бири бўлган Бодрум романтикага бой тўйлар учун гўзал муҳитни тақдим этади. Истанбул сингари Бодрумга ҳам кўплаб мамлакатларнинг пойтахтларидан тўғридан-тўғри рейслар орқали осонгина етиб бориш мумкин. Тўй масканлари нуқтаи назаридан Бодрумда дунёга машҳур ҳашаматли меҳмонхоналар тармоғи ва кўп қиррали ёпиқ ва очиқ тадбир майдонларига эга романтик меҳмонхоналар мавжуд ва улар 150 дан 1000 тагача меҳмонларни ўзида жамлайди. Тўйларни бошидан охиригача режалаштириш ва бошқариш бўйича мутахассислар бирлашган ҳолда Бодрумдаги муассасалар келин-куёвнинг барча орзуларини рўёбга чиқариш учун керакли хизматларни тақдим этади. Бодрумнинг дунёга машҳур соҳилларидан бирида турмуш қуришни истаган жуфтликлар минтақадаги 5 юлдузли дам олиш масканларини ёки янада самимий ва ўзига хос муҳитга эга бўлган тўй манзилларини танлаши мумкин.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: