11:23 | 11.11.23

                       

UNFF раҳбари ва экология вазири Green University ҳудудида дарахт экди — видео

Жулиетте Биао Тошкентда экология бўйича биринчи минтақавий университет ташкил этилиши ташаббусини юқори баҳолади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг ёрдамчиси, ташкилотнинг ўрмонлар ва кўкаламзорлаштириш бўйича Форуми Котибияти (UNFF) директори доктор Жулиетте Биао 8-9 ноябр кунлари Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Юқори мартабали меҳмон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамроҳлигида Тошкент вилояти «Дархон» илмий-тажриба станцияси (Дендропарк) ҳудудидаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети (Green University)нинг янги кампусига ташриф буюрди. Эслатиб ўтамиз, университет 2023 йил май ойида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган.

Ташриф чоғида Биао хоним яқин келажакда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича минтақавий марказга айланадиган университетнинг янги замонавий биносида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Маълумот учун, доктор Жулиетте Биао Африка, Лотин Америкаси ва Канадада халқаро ўрмонларни ривожлантириш ва бошқариш бўйича 32 йиллик катта тажрибага эга. UNFF’га қўшилишдан олдин у олти йилдан ортиқ вақт давомида Кениянинг Найроби шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит бўйича дастурида (UNEP) Африка бўйича минтақавий вакил сифатида ишлаган. У, шунингдек, Бенин (Ғарбий Африка) атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш вазири сифатида фаолият юритган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Юқори мартабали меҳмон Тошкент шаҳрида экология соҳасида биринчи минтақавий университетни ташкил этиш ташаббусини ижобий баҳолади ва университет нафақат Марказий Осиё минтақасига хизмат қилишига, балки бутун дунёдан келган барча қизиқувчилар учун очиқ бўлишига умид билдирди. Биао хоним, шунингдек, Hub and Spoke инновацион таълим модели ва яшил жамоат жойлари қурилишидаги экологик тоза ёндашувни юқори баҳолади.


Ташрифдан сўнг икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга интилиш белгиси сифатида Азиз Абдуҳакимов ва Жулиетте Биао хоним Green University ҳудудидаги боғда дарахт экди.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Аввалроқ Жулиетте Биао Азиз Абдуҳакимов билан учрашиб, Ўзбекистонда ўрмонзорлаштириш ва кўкаламзорлаштириш соҳасини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: