11:33 | 16.07.24
Урганч аэропортидан Нукус аэропортигача бепул трансфер йўлга қўйилади. Автобуслар йўловчиларни жўнаб кетишда ҳам, учиб келишда ҳам манзил аэропортига олиб боради.
Капитал таъмирлаш сабаб 20 июлдан 7 августгача ёпилаётган Урганч аэропортидан Нукус аэропортигача бепул трансфер йўлга қўйилади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Аввал хабар берилганидек, июнь охирларида Урганч халқаро аэропорти 20 июль соат 00:01 дан 7 август 23:59 гача фаолиятини тўхтатади. Учиш-қўниш йўлагининг узоқ муддатдан бери ишлаши ҳамда самолётларнинг қўниши ва учиши хавфсизлигини таъминлаш мақсадида капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Реконструкция даврида барча режалаштирилган рейслар Нукус халқаро аэропортига йўналтирилади. Uzbekistan Airports йўловчиларга Нукус ва Урганч аэропортлари ўртасида бепул трансфер хизматини тақдим этади. Автобуслар йўловчиларни жўнаб кетишда ҳам, учиб келишда ҳам манзил аэропортига олиб боради.
Масалан, Урганчдан Москвага HY-9615 рейси билан учаётган йўловчилар Урганч аэропортига соат 23:00 да етиб келишлари лозим. Жадвалга кўра, автобуслар йўловчиларни Урганч аэропортидан соат 23:30 да олиб кетади. Соат 02:30 да йўловчилар Нукус аэропортига етказилади ва у ердан Москвага учишади. Москвадан қайтган йўловчиларни Нукусдан Урганчга етказиш жараёни ҳам худди шундай ташкил этилади. Нукус аэропортида чегара назоратидан ўтиб, юкларни қабул қилиб олган йўловчиларни Урганчга йўл оладиган автобуслар кутиб туради.
Ҳар бир алоҳида йўналиш бўйича тўлиқ автобуслар қатнови жадвали билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: