11:24 | 19.11.23

                       

Ўзбекистон БМТнинг қум ва чанг бўронларига қарши кураш коалицияси билан ҳамкорлик қилади

Экология вазири Азиз Абдуҳакимов коалиция раиси Ферас Зиадат билан учрашди.

БМТнинг чўлланиш тўғрисидаги конвенцияси (CRIC-21) ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси доирасида экология вазири Азиз Абдуҳакимов ва БМТнинг қум ва чанг бўронларига қарши кураш коалицияси раиси Ферас Зиадат ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг матбуот хизмати

Учрашувда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан БМТнинг қум ва чанг бўронларига қарши кураш коалицияси ўртасида ерларнинг деградацияси ва ер ресурсларини барқарор бошқариш, шу жумладан, тажриба алмашиш, Ўзбекистоннинг қум ва чанг бўронлари хавфи юқори бўлган ҳудудларида қўшма илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.

Шунингдек, эрон ва афғон шамоллари натижасида баҳор-куз мавсумида Бухоро, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида кузатилаётган қум ва чанг бўронлари аҳоли саломатлиги ва ҳайвонот дунёсига зарар етказаётгани таъкидланган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг матбуот хизмати

БМТ коалицияси раиси чанг ва қум бўронлари тобора долзарб бўлиб бораётган трансчегаравий муаммо эканлигини, бу айниқса, тирикчилиги табиий ресурслар ва қишлоқ хўжалигига бевосита боғлиқ бўлган фермерлар ва одамларга жиддий таъсир қилишини қўшимча қилинган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг матбуот хизмати

Чанг ва қум бўронлари таъсирини камайтириш мақсадида йиғилишда ФАО ва БМТнинг қум ва чанг бўронларига қарши кураш коалицияси билан ҳамкорликда аниқ методологиялар ишлаб чиқиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва муҳим стратегик йўналишларни амалга ошириш бўйича келишиб олинган.

Учрашув якунида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва БМТнинг қум ва чанг бўронларига қарши коалиция делегациясининг 2024 йил 12–17 февралда Самарқандда бўлиб ўтадиган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш (CMS COP-14) тўғрисидаги Конвенция иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилиши ҳамда Самарқанд иқлим форумида иштирок этиши тўғрисида келишувга эришилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: