17:12 | 24.09.23

                       

Ўзбекистон делегацияси Осиё ўйинларида дастлабки олтин медални қўлга киритди

Аёллар ўртасидаги дзюдо баҳсларида Диёра Келдиёрова барча рақибларини мағлуб этди.

Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида давом этаётган XIX ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси дастлабки олтин медални қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Қайд этилишича, аёллар ўртасидаги дзюдо беллашувларида 52 килограммгача бўлган вазн тоифасида татамига чиққан Диёра Келдиёрова финалгача бўлган баҳсларда барча рақибаларини енгиб, финал жангида Бирлашган Араб Амирликлари вакиласи Биршелт Хорлодоини ҳам мағлубиятга учратган ва мусобақада тенгсиз бўлган.

Маълумот учун, 1998 йилда таваллуд топган спортчи бугунга қадар бир неча бор халқаро мусобақаларда юқори пробали медалларни қўлга киритиб келган. Жумладан, у 2013 йилда Жанубий Кореянинг Нанкин шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларида ҳам 44 килограммгача бўлган вазн тоифасида бронза медали соҳибасига айланган. 2016 ва 2018 йилларда ҳам ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида бронза медалини қўлга киритган. 2019 йилда эса Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида тенгсиз бўлган Келдиёрова 2021 йилда Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган «Катта дубулға» турнирида ғалаба қозониб, бундай туркумдаги мусобақада зафар қучган ўзбекистонлик илк аёл спортчига айланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: