11:56 | 19.12.23

                       

Ўзбекистон санъат галереясида кузги пленерда яратилган суратлар тақдимоти бўлиб ўтди

Кўргазма Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан Бадиий академия билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида «Экология ва иқлим ўзгариши рассомлар нигоҳида» кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Кўргазма Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан Бадиий академия билан ҳамкорликда ташкил этилган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Маълумот учун, 28 октябрдан 7 ноябрга қадар республика бўйлаб табиий мероснинг бадиий тасвирларини яратиш, уни асраб-авайлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган пленерлар ташкил этилганди. Пленерда Ўзбекистоннинг турли вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 30 нафар ижодкор иштирок этиб, 10 кун давомида республиканинг бешта муҳофаза этиладиган табиий ҳудуди: Қорақалпоғистондаги Қуйи Амударё биосфера резервати, Угом-Чотқол миллий табиат боғи ва Тошкент вилоятидаги шу номдаги қўриқхона, Самарқанд вилоятидаги Зарафшон миллий табиат боғи, Сурхондарё вилоятидаги Хоразм миллий табиат боғи ва Сурхон давлат қўриқхонаси тасвирларини яратишган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

«Кўргазмада 100 га яқин суратлар намойиш этилмоқда. Эътиборлиси, барча асарлар муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда яратилган. Мақсад шунчаки гўзал табиат манзараларини чизиш эмас, жамоатчилик эътиборини юртимиз экологияси, хусусан, қўриқхоналарни асраш, атроф-муҳит муҳофазасига масъулият билан ёндашишга қаратишдир, — деди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Матназар Элмуродов, — Келажакда иқлим ўзгариши, сув танқислиги, чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлашнинг салбий оқибатлари ва бошқа экологик муаммоларга қаратилган пленерлар, кўргазмалар ўтказишни мақсад қилганмиз».

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Пленер ва кўргазмада таниқли рассомлар билан бир қаторда ёш истеъдод соҳиблари ҳам иштирок этган. Бу эса ўзига хос тажриба алмашиш имконини ҳам яратган. Пленерни ташкил этишдан мақсад республикада атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш маданиятини ошириш, тасвирий санъат орқали ёшлар онгида мамлакатнинг табиий бойликлари – тоғлар, ўрмонлар, дарёлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига муҳаббат ва меҳр туйғусини шакллантириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг кузги табиатини тарғиб қилишдан иборат.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

«Охирги пленерда гуруҳимиз Сурхондарёга ташриф буюрди ва Ўзбекистонда куз фаслининг гўзаллигини қайтадан кашф этдик. Ҳудуднинг ҳали одам қадами етмаган қўриқланадиган жойларини кўздан кечирдик. 10 кун давомида яхши шароитларда ижодий ишлай олдик, янги картиналар яратдик», – деган рассомлардан бири.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Бундан ташқари, истеъдодли рассомларни мамлакатнинг бетакрор гўшаларини тасвирлашга жалб этиш, чекка ҳудудларда ҳам профессионал рассомлар ижодини намойиш қилиш мақсадида мунтазам пленерлар ташкил этилмоқда. Кўргазма 2023 йил 20 декабргача давом этади.