16:21 | 27.12.23

                       

Ўзбекистонда автомобилни маст ҳолатда бошқарганларнинг машинаси мусодара этилмайди

ЙҲХХ тарқалган хабарларга расмий муносабат берди.

Ўзбекистонда автотранспорт воситаларини маст ҳолда бошқарган шахсларнинг машиналари давлат фойдасига мусодара этилиши ҳақида хабарлар ижтимоий тармоқларда сиздирилди. ИИВнинг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ушбу мазмундаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

ЙҲХХга кўра, маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун жавобгарликни кучайтириш ҳақида лойиҳа ишлаб чиқилган. Лойиҳада ушбу қоидабузарлик такроран содир этилса, жиноий жавобгарлик белгилаш ҳам таклиф этилган.

«Мазкур лойиҳада маст ҳолда автомобил бошқарганлик учун жазо сифатида транспорт воситасини давлат фойдасига мусодара қилиш таклиф этилмаганлигини маълум қиламиз. Тармоқлардаги айрим саҳифаларнинг админларидан асоссиз маълумот тарқатиб, жамоатчиликни чалғитмасликларини сўраймиз», — дейилган ЙҲХХ хабарида.

Аввалроқ, маст ҳолатда машина ҳайдаганлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақда хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: