19:00 | 27.12.23
Мирзиёев республиканинг олтита ҳудудидаги станцияларни ишга туширишда иштирок этди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев бугун, 27 декабр куни Ўзбекистоннинг олтита ҳудудида бешта қуёш ва битта шамол электр станцияларини ишга тушириш ва тармоққа улашга бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.
Тадбирда Мирзиёев илк бор 100 фоиз тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан, давлат-хусусий шериклик асосида Навоий вилоятининг Кармана ва Самарқанд вилоятининг Нуробод туманларида барпо этилган умумий қуввати 200 мегаваттлик қуёш станцияларини очиб берди.
Улар ўтган даврда бир миллиард киловатт соат «яшил» электр энергиясини ишлаб чиқарган. Шунингдек, БААнинг Masdar компанияси томонидан Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида қурилган умумий қуввати 900 мегаватт бўлган учта замонавий фотоэлектр станцияси, Навоий вилоятининг Томди туманида 500 мегаваттлик шамол электр станциясининг биринчи босқичи қуриб битказилди.
Бундан ташқари, Хитойнинг China Gezhouba Group компанияси томонидан Бухоро ва Қашқадарёда умумий қуввати 1000 мегаваттлик қуёш станцияларининг биринчи босқичи қурилиши якунланди.
Тўққиз ойда битказилган ушбу қурилиш ишлари Шавкат Мирзиёев ҳамда хорижий ҳамкорлар иштирокида ишга туширилди.
Маълумот учун, умумий қиймати икки миллиард долларлик ушбу станциялар тўлиқ ишга тушса, икки миллионта хонадон узлуксиз электр энергияси билан таъминланади. Икки миллиард куб метр табиий газни тежаш ҳамда саноат ва хизматлар соҳасида тўрт миллиард долларлик қўшилган қиймат яратиш имконияти пайдо бўлади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: