20:36 | 07.12.23

                       

Ўзбекистонда дам олиш кунларида қандай об-ҳаво кузатилиши эълон қилинди

8-10 декабр кунлари республика бўйлаб қор ёғади, ҳаво ҳарорати -20 даражагача совиб кетади.

8 декабр куни республиканинг кўпчилик ҳудудларида ёмғир ёғади, фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё вилоятлари ва Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кечаси 0…+5 даража илиққача, кундузи +5…+10 даража илиққача, шимолда кечаси -7…-2 даража совуққача, кундузи -2…0 даража совуққача пасаяди.

9 декабр, шанба куни ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик фақат Ўзбекистоннинг марказий ва шарқий ҳудудларида сақланиб туради.

8-9 декабр кунлари тоғли ҳудудларда ёғингарчилик, асосан, қор шаклида бўлади. Баъзи жойларда ёғингарчилик кучли бўлади.

10 декабр, якшанба куни республиканинг кўпчилик ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг баъзи жойларида бироз қор ёғади. Ҳаво ҳарорати шанба куни кечаси 0…+5 даража илиқ, кундузи +3…+8 даража илиқ, якшанба куни кечаси -2 даража совуқдан +3 даража илиққача, кундузи +5…+10 даража илиқ атрофида бўлади.

Республика шимолида дам олиш кунлари кечаси -10…-5 даража совуққача, кундузи -5…0 даража совуққача бўлади.

Кейинги ҳафтанинг биринчи ярмида совуқ республиканинг барча ҳудудларини қамраб олади. Ҳаво ҳарорати кечалари -13…-8 даража совуққача, кундуз кунлари -8…-3 даража совуққача пасаяди. Республика шимолида эса  -20…-15 даража совуққача, кундуз кунлари -12…-7 даража совуққача пасаяди.

Тошкент шаҳрида 7 ва 10 декабр кунлари ёғингарчилик кутилмайди, 8 декабрда куннинг иккинчи ярмида ёмғир ёғади. 9 декабрда вақти-вақти билан қор, ёмғир ёғади. Ҳарорат 7 декабрда +9…+11 даража илиқ, 8-10 декабрда кечаси 0… +5 даража илиқ, кундузи +4…+9 даража илиқ бўлади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: