15:00 | 29.11.23

                       

Ўзбекистонда фотосурат, овоз ва бошқа биометрик маълумотларини сохталаштириш учун жавобгарлик жорий этилмоқда

Жиноят кодексидаги товламачилик тушунчасига ўзгартириш киритилиб, шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.

Сенатнинг қирқ еттинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал Кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда мобил қурилмалар ҳамда ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги аккаунт ёки каналларга зарарли дастур юбориш йўли билан блоклаб қўйиш ҳамда маълумотларини ўчириб юбориш, ўзгартириш ёки олиб қўйиш билан қўрқитиб шахслардан пул ёки бошқа моддий манфаатдорлик талаб қилиш каби ҳолатлар кузатилмоқда.

Шунингдек, махсус дастурлар ёрдамида шахсларнинг фотосурати, овози ва бошқа биометрик маълумотларини сохталаштириш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Шу боис, Жиноят кодексидаги товламачилик тушунчасига ўзгартириш киритилиб, шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши келгусида ахборот технологиялари ёрдамида содир этилган жиноятларни фош этиш, уларга қарши курашиш ҳамда тергов қилишда барча куч ва воситаларни тўлиқ йўналтириш имконини беради.

Ўзкомназорат инспекцияси фуқаролардан турли шахсий фотосурат ва биометрик маълумотларини ижтимоий тармоқлар орқали ёритишда эҳтиёткор бўлишларини сўраган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: