19:00 | 14.06.23

                       

Ўзбекистонда иқлим ўзгариши бўйича Миллий мослашиш режасини ишлаб чиқиш жараёни бошланганди

Бугун Тошкентда лойиҳанинг маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди

Тошкентда бугун, 14 июн куни «Ўзбекистонда мослашувнинг ўрта ва узоқ муддатли режалаштирилишини олға суриш учун секторларга таянган миллий мослашув режаси» лойиҳаси доирасида идоралараро ишчи гуруҳ аъзолари, миллий ҳамкорлар, хусусий ва молия сектори, халқаро тараққиёт ташкилотлари вакиллари иштирокида «Иқлим ўзгаришига мослашиш тадбирларига хусусий секторни жалб қилиш учун инновацион молиявий инструментларни аниқлаш» бўйича маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.

Унда қатор ташкилотларнинг раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Иқлим ўзгариши энергетика, саноат ва шаҳар инфратузилмаларининг самарали ишлашига, сув ва озиқ-овқат хавфсизлигига ва натижада ижтимоий-иқтисодий барқарорлик ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган экстремал об-ҳаво ҳодисалари сонининг кўпайишига олиб келади. Иқлим ўзгаришига мослашиш чораларини жорий этиш кечиктирилса, бунинг молиявий оқибатлари катта бўлади.

Иқлим ўзгаришига мослашиш табиий, ижтимоий ёки иқтисодий тизимларни ҳақиқий ёки кутилаётган иқлим ўзгаришлари ва унинг оқибатларига мослаштиришни англатади. Бу иқлим ўзгариши билан боғлиқ потенциал хавфларни камайтириш ёки имкониятлардан фойдаланиш учун амалга оширилган жараёнлар, ҳаракатлар ёки тузилмаларни мослаштиришни англатади. Муваффақиятли мослашиш нафақат давлат сиёсатига, балки ушбу жараённинг бошқа иштирокчилари, жумладан, давлат ва хусусий сектор, фуқаролик жамияти вакилларининг фаол, узлуксиз иштирок этишига ҳам боғлиқ. Ўзбекистонда Миллий мослашиш режасини ишлаб чиқиш жараёни бошланди. Иқлим ўзгаришига заифликни камайтиришга қаратилган чора-тадбирларни муваффақиятли амалга ошириш самарали молиявий механизмлардан фойдаланишни тақозо этади, — деди Атроф-муҳит ва Иқлим ўзгаришига қарши курашиш кластери раҳбари Бахадур Палуаниязов.

Маслаҳатлашув учрашувлари шу вақтгача учта вилоятда бўлиб ўтган. NAP лойиҳасини пилот ҳудудлар — Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларида амалга ошириш доирасида Ўзгидрометнинг ҳудудий бўлинмалари мутахассислари томонидан ўтказилган. Бугун Тошкентда якуний учрашув бўлди.

Учрашувлар давомида йиғилиш иштирокчилари сув, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, уй-жой ва иқлим ўзгариши фалокатларининг олдини олиш каби соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича илғор халқаро тажрибага асосланган инновацион молиявий механизмлар билан таништирилди.

Бундан ташқари, лойиҳа жамоаси таклиф этилаётган молиявий механизмларни Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларининг ижтимоий-иқтисодий шароитларига мослаштириш бўйича йиғилиш иштирокчиларидан фикр-мулоҳазалар ва таклифлар олинди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: