12:23 | 01.11.23

                       

Ўзбекистонда кўпхотинликни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди

Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш жарима солинишига сабаб бўлади.

Президент томонидан имзоланган қонун билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришга кўра:

Никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача (4 млн 950 минг сўмдан 9 млн 900 минг сўмгача) миқдорда жарима солинишга сабаб бўлади.

Икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, шунингдек бундай хатти-ҳаракатларни рағбатлантириш, БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача (4 млн 950 минг сўмдан 9 млн 900 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлиш, БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 4 млн 950 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маълумот учун, тиббий кўрсатмага асосан ёки йўл-транспорт ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш учун кийиладиган махсус бош кийимда ёхуд меҳнат ва хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолларда юзини тўсган ҳолда бўлиш ёки спорт ва маданий тадбирларни ўтказиш вақтида ушбу тадбирлар иштирокчиларининг юзини тўсган ҳолда бўлиши, шунингдек қонунчиликда тўғридан-тўғри рухсат этилган бошқа ҳолатларда юзини тўсган ҳолда бўлиш жарима солишга сабаб бўлмайди.

Жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш, шу жумладан хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, худди шунингдек бундай хатти-ҳаракатларни омма олдида оқлаш ва (ёки) рағбатлантириш, БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 6 млн 600 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра:

Никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 75 бараваридан 150 бараваригача (24 млн 750 минг сўмдан 49 млн 500 минг сўмгача) миқдорда жарима ёки 360 соатдан 400 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш, шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 300 бараваридан 600 бараваригача (99 млн сўмдан 198 млн сўмгача) миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, диний эътиқодига ёки дахрийлигига қараб, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар, шунингдек миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, фуқароларнинг устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилиш, худди шунингдек миллий, ирқий, этник мансублигига ёки динга муносабатига қараб, фуқароларнинг ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ёхуд уларга бевосита ёки билвосита афзалликлар бериш, йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ўзбекистонда кўпхотинликни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши мумкинлиги хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: