9:35 | 03.12.23

                       

Ўзбекистонда ташланмалар Миллий реестри яратилади

Экология вазири Азиз Абдуҳакимов реестрнинг яратилиши иқлим ўзгариши муаммосини ҳал этишда самарали ёндашув эканини билдириб ўтди.

БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 28-конференцияси (COP28) доирасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва Industrial Innovation Group бош директори Тарям Матар Тарям ўзаро англашув меморандумини имзоладилар. Ҳужжат Миллий углеродли кредит тизимини яратиш доирасидаги ҳамкорликка қаратилган.

Industrial Innovation Group – бош қароргоҳи БААда жойлашган трансмиллий компаниялар гуруҳи ҳисобланади. У мураккаб, юқори технологияли тизимларни яратиш, йирик саноат ва инновацион мажмуаларни лойиҳалаш ва қуриш бўйича 30 йиллик катта тажрибага эга. Ташкилот турли бизнес тармоқлари учун барқарор йўлларни ишлаб чиқади, углерод хавфини камайтириш ташаббусларини концептуаллаштиради, турли углерод кредит регистрлари учун дизайн ҳужжатларини яратади, шунингдек, биокўмир – Hemporama Biochar’нинг глобал ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.

Меморандум Ўзбекистоннинг ташланмаларни камайтириш бўйича миллий стратегиясига мувофиқ тузилган. Бунга қадар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги атмосферага чиқарилаётган газларни ҳисобга олиш бўйича Миллий реестрни яратиш ташаббуси билан чиққанди.

Учрашувда Азиз Абдуҳакимов реестрнинг яратилиши иқлим ўзгариши муаммосини ҳал этишда самарали ёндашув эканлигини, мавжуд ташланмаларни тартибга солиш  ва камайтириш бўйича лойиҳаларни рағбатлантириш тизимларини интеграциялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган.

Ўз навбатида Матар Тарям мазкур реестрни яратишга ҳисса қўшиш ташкилот учун катта шараф эканлигини қайд этган. У ушбу ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш ва экологик хавфларни камайтиришга интилишидан далолат беришини, бу эса бугунги кундаги глобал иқлим муаммолари шароитида, айниқса, муҳим эканини таъкидлаган.

Шунингдек, компания вице-президенти Анна Чеканова реестрнинг муҳимлигини қайд этган.

«Дунё иқлим инқирозини юмшатиш ва ташланмаларни камайтириш технологияларини ишлаб чиқишда сезиларли ютуқларга эришди. Бугун барча билим ва инновацияларни амалиётга татбиқ этишнинг айни вақти. Реестр иқлим экотизимининг барча иштирокчиларини бирлаштирган ягона платформа бўлиб, белгиланган экологик мақсадларга самарали ва амалий эришишга хизмат қилади», — дейди Чеканова.

Ўзбекистоннинг биргаликдаги ташланмалар инвентаризацияси мамлакатнинг экологик изларини тўғри баҳолаш ва углеродни назорат қилиш ташаббуслари асосини ишлаб чиқиш учун ишончли ёндашув ҳисобланади. Реестр ташланмаларни мунтазам равишда кузатиб бориш ва углерод хавфини камайтириш лойиҳаларини аниқ баҳолаши мумкин бўлган кенг қамровли платформа бўлиб хизмат қиладиган муҳим ҳаволани яратади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: