20:39 | 04.08.24

                       

Жиззахда 3 ёшли қизалоқнинг ўлимига сабабчи бўлганлар жазоланди

Жиззахда 3 ёшли қизалоқнинг ўлимига сабабчи бўлган хусусий боғча ходимларига жазо тайинланди.

Жиззахдаги хусусий боғчада бола вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳодисага сабабчи бўлганларга суд ҳукми ўқилди.

Маълум бўлишича, 15 февраль куни «Н.Ш» оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотига қатновчи 18 нафар бола рўйхатига 3 ёшли қизалоқ киритилмаган ҳолда қабул қилинган ва шу куни тарбиячилар эътиборидан четда қолган қизалоқ икки нафар дугонаси билан ўзлари билмаган ҳолда боғчадан чиқиб кетган.

2021 йилда туғилган қиз болалар боғча яқинида жойлашган қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда фойдаланиладиган зовурга чўкиб кетган. Қизалоқнинг ўлимига унинг қаровсиз қолгани сабаб бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Дўстлик туман прокуратураси ўрганиш ишларини бошлаган эди.

Суд хулосаси билан айбланувчи Ф.М. Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ва 167-моддаси 2-қисми «г» бандида (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга мактабгача ва мактаб таълими соҳасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил 1 ойга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Шунингдек, айбланувчилардан бири Д.Т. Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топилиб, унга 3 йилга мактабгача ва мактаб таълими соҳасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва 4 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Жиноятчи А.Ў. эса Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддаси 1-қисмида (Mансаб сохтакорлиги) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди ва унга 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 1 йил 6 ойга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: