12:46 | 15.02.24

                       

Жиззахда давлатга салкам ярим млрд сўм зарар етказган 2 та майнинг ферма аниқланди

«Ўзенергоинспекция» томонидан Бош прокуратура, ДХХ ва ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда Жиззахда тезкор тадбирлар ўтказилди. Унда давлат манфаатларига 490 млн сўмдан зиёд зарар келтирган 2 та майнинг ферма фаолияти тўхтатилди.

Жиззах вилоятида 490 миллион сўмдан зиёд зарар келтирган 2 та майнинг ферма фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда «Ўзенергоинспекция» ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзенергоинспекция» томонидан Бош прокуратура, ДХХ ва ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида ўтказилган тезкор назорат тадбирида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, Ш.Рашидов туманида истиқомат қилувчи фуқаро Б.М. (ўз яшаш хонадонида) ва Жиззах шаҳрида яшовчи фуқаро О.О. (ўзига тегишли сартарошхонанинг қўшимча хонасида) крипто-актив ва майнинг қурилмаларини тўғридан-тўғри электр тармоғига улаб, ноқонуний равишда фойдаланиб келаётгани маълум бўлди.

Дастлабки қайта ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари натижасида давлат манфаатларига 490 млн сўмлик зарар етказилганлиги аниқланди. Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: