22:31 | 24.02.24

                       

Жиззахда ИИБ ҳибсхонаси бошлиғи пора олаётганда ушланди

Шароф Рашидов туманида ички ишлар бўлими Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи судланаётган шахснинг жазосини енгиллаштириш учун 10 минг доллар талаб қилган. У 5 минг доллар олаётган вақтда қўлга олинган.

Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ички ишлар бўлими Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи пора олаётган вақтда ушланди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.

Скрин: Telegram / @xavfsizlik_uz

Қайд этилишича, мансабдор ҳозирда айблов эълон қилиниб, мазкур ҳибсхонада сақланаётган шахсга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқаётган судья томонидан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида ёрдам бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган. Мазкур мансабдор шахс муқаддам ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, ҳибсхонада сақланаётган ушбу фуқаронинг оила-аъзолари билан учрашиши ҳамда уйидан олиб келинган озиқ-овқат маҳсулотларининг киритилиши учун рухсат бериш эвазига 400 долар олгани ҳам маълум бўлди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: