16:16 | 19.07.22

                       

Boeing Марказий Осиё давлатларини харидорлари рўйхатидан чиқариб ташлади

Компаниянинг маркетинг бўйича вице-президенти бунинг сабабини маълум қилди

Американинг Boeing самолёт ишлаб чиқарувчи корпорацияси ўз маҳсулотлари харидорлари рўйхатидан Марказий Осиё ва Россияни чиқариб ташлади. Бу ҳақда корпорация сайтида хабар берилди.

Фото: «Jetline Marvel»

Маълум қилинишича, келгуси 20 йил учун прогноз бўлган таъминот харитасида минтақа кулранг рангда — 2041 йилгача етказиб бериш режалаштирилмаган ҳудудлар сифатида кўрсатилган.

«Бу ҳудуд биз учун мақсадли бўлмаган бозор», — дея маълум қилган Boeing’нинг тижорат маркетинг бўйича вице-президенти Даррен Халст.

Корпорациянинг тижорий ҳаво қатнови ва самолётларга бўлган талаб бўйича узоқ муддатли прогнози Россиянинг Украинадаги ҳарбий «махсус операцияси» авиация саноатига бевосита таъсир кўрсатгани, биринчи навбатда, Россияга самолётларни етказиб бериш имконсиз бўлиб қолгани билан изоҳланган.

Фото: «Boeing.com»

«Россия ва Марказий Осиёда самолётларга талаб мавжудлигига қарамай, бу ҳолат қанча давом этиши ҳақида юқори даражада ноаниқлик мавжуд. Шу сабабли биз Россия ва Марказий Осиё бўйича прогнозни эълон қилмасликка қарор қилдик», дейилади прогнозда.

Корпорациянинг таъкидлашича, Осиё бозорлари янги самолётларга узоқ муддатли талабнинг тахминан 40 фоизини ташкил қилади. Европа ва Шимолий Америка учун ҳар бири 20 фоиздан. Янги самолётларни етказиб бериш бозорининг қиймати 7,2 триллион долларни ташкил этади, бу талабни қондириш учун тижорат хизматлари бозори 3,6 триллион долларга баҳоланмоқда.

2041 йилга келиб, глобал самолёт парки 2019 йилдаги пандемиядан олдинги даражага нисбатан 80 фоизга ошиши кутилмоқда.

Аввалроқ Марказий Осиё давлатларининг Гендер тенглиги бўйича рейтингдаги ўрни маълум бўлганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: