15:56 | 05.06.21
Улар маҳалла биносини таъмирлаш бўйича тендерда иштирок этган
Қашқадарёда ака-укалар тендердаги келишувда 600 миллион сўм улушга эгалиги аниқланди. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганиш жараёнида буюртмачи Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Қашқадарё вилоят Қарши шаҳар бўлими томонидан Давлат харидлари бўйича қиймати 632 миллион 891 минг сўмлик Равоқ МФЙ биносини жорий таъмирлаш бўйича 2021 йилнинг 21 апрелида эълон берилган.
Қайд этилишича, 4 майда Равоқ МФЙ биносини жорий таъмирлаш бўйича ўтказилган танлов савдоларига иштирокчилар тақдим этган ҳужжатлари ўрганиб чиқилган. Унда Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган «Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом»нинг 75–77 ва 94–95-бандларида белгиланган талаблар мазкур танлов иштирокчилари «Bektemir» МЧЖ, «Ro‘zimbek qurilish» МЧЖ ва «Asadbek fayz baraka» МЧЖлар томонидан тақдим этилмагани ва бу ҳолат Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Қашқадарё вилоят Қарши шаҳар бўлимида танлов иштирокчиларининг таклифларини рўйхатга олиш китобига киритилмагани аниқланган.
Шу билан бирга, танлов иштирокчилари томонидан фақатгина танлов савдоларига тижорат таклифлари берилган. Яъни «Bekamir» МЧЖ томонидан 632 миллион 750 минг сўм, «Ro‘zimbek qurilish» МЧЖ томонидан 632 миллион 850 минг сўм ва «Asadbek fayz baraka» МЧЖ томонидан 632 миллион 800 минг сўмлик тижорат таклифлари берилган. Иштирокчиларнинг таклифларини баҳолаш мезонлари учун зарур бўлган бошқа танлов ҳужжатлари тўлиқ тақдим этилмаган.
Шунингдек, танлов савдосида иштирок этган 3 та хўжалик юритувчи субъектлардан «Bekamir» МЧЖ раҳбари Лазиз Асадовнинг таъсисчилар рўйхатида 100 фоиз улуши борлиги, «Ro‘zimbek qurilish» МЧЖнинг раҳбари Мирғолиб Асадовнинг таъсисчилар рўйхатида 100 фоиз улуши борлиги, «Asadbek fayz baraka» МЧЖ раҳбари Лазиз Асадовнинг таъсисчилар рўйхатида, Мирғолиб Асадов 88 фоиз ва Азиз Асадов 12 фоиз улуши борлиги аниқланган. Ушбу тўрт шахс яқин қариндош — ака-ука экани маълум бўлган.
Ушбу ҳолатлар «Рақобат тўғрисида»ги Қонунини 5-моддаси «Шахслар гуруҳи» (шахслар гуруҳига товар ёки молия бозорининг ягона субъекти сифатида қаралади) ва ушбу қонуннинг 14-моддасининг (савдолар ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини бузиш)даги танлов (тендер) савдоларини ўтказишда рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар ҳисобланади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси махсус комиссияси томонидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Қашқадарё вилоят Қарши шаҳар бўлими ўтказган танлов савдолари ва тузилган шартномаларни ўн кун муддатда бекор қилиш ҳамда танлов савдоларини қайта ўтказиш кўрсатмаси берилган.
Мавзуга доир: Қорақалпоғистондаги таъмирталаб автомобиль йўли бўйича муносабат билдирилди
Аввалроқ Ўзбекистонда қурилиш объектларида ишловчи айрим ходимларнинг маоши оширилиши ва Ўзбекистонда қурилишда буюртмачи хизмат фаолияти ислоҳ қилиниши хабар қилинган эди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: