13:40 | 27.07.21

                       

Ўзбекистоннинг Бразилиядаги элчиси тайинланди

У, шунингдек, мамлакатнинг АҚШ ва Канададаги элчиси ҳам ҳисобланади

Жавлон Ваҳобов Ўзбекистоннинг Бразилиядаги (қароргоҳи АҚШда) фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.

Фото: Twitter/ @javlonvakhabov

Маълум қилинишича, тайинлов маросимида у Бразилиянинг АҚШдаги элчиси Нестер Форстерга ишонч ёрлиғини топширган. Маросимдан сўнг элчилар алоҳида суҳбатлашган. Нестер Форстер ўзбек элчисини янги тайинлов билан табриклаб, унга Бразилия Ташқи ишлар вазирилиги раҳбарияти номидан ишонч ёрлиғи нусхасини олиш ваколати топширилганини маълум қилган.

Таъкидланишича, у Бразилия Ташқи ишлар вазирлиги номидан Ўзбекистон раҳбариятига Бразилияда ўз вакилини тайинлаш тўғрисидаги қарори учун миннатдорлик ҳам билдирган.

Жавлон Ваҳобов 1980 йилда туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетини тамомлаган. 2015 йил июлдан 2017 йил декабрига қадар Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, унгача эса (2013 йил ноябрдан) вазир ўринбосари лавозимида фаолият юритган. 2006−2013 йилларда Президент ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгашида, 2013 йилда бир муддат Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори сифатида ишлаган.

Қайд этилишича, Жавлон Ваҳобов 2017 йилдан бери Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида ишлаб келмоқда. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг Канададаги элчиси (қароргоҳи — Вашингтонда) ҳам ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси ўзгариши ва Руминиянинг Ўзбекистондаги элчиси тайинлангани хабар қилинган. Шунингдек, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси тайинлангани маълум қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: