21:33 | 22.01.22

                       

Видео: Норинда олимпиада ғолибидан қайтариб олинган ноутбук унга тантанали равишда топширилди

Вилоят Халқ таълими бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказади

Наманган вилояти Норин туманида математика бўйича онлайн олимпиадада 1-ўринни эгаллаган Мурод Эргашалиев унга соврин сифатида берилган ноутбук қайтариб олиб қўйилгани ҳақида видеомурожаат йўллаганди. Вилоят Халқ таълими бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Қайд этлишича, 18 январь куни бошқармада Халқ таълими вазирлиги томонидан эълон қилинган онлайн олимпиада ғолибларига, жумладан, математика фанидан ўтказилган онлайн олимпиада ғолиби — Норин туманидаги 1-сонли мактаб 11-Б синф ўқувчиси Мурод Эргашалиевга, шунингдек, ғолиб бўлган яна 5 нафар ўқувчига вазирлик томонидан юборилган 4 та ноутбук ва 2 та планшет тантанали равишда топширилди.

Бошқарма ахборот хизматининг таъкидлашича, мазкур ҳолат бўйича туман халқ таълими бўлими томонидан ўрганиш ўтказилганда, мактаб маъмурияти келишган ҳолда 24 январь куни, ўқувчилар таътилдан қайтгандан сўнг ноутбукни эрталабки сафланишда барча ўқувчилар орасида тантанали равишда топшириш мақсадида олингани аниқланган.

Ўрганиш жараёнида шу куннинг ўзида ноутбук Мурод Эргашалиевга қайтариб берилди. Юқоридаги ҳолат бўйича Норин туман халқ таълими бўлими ҳамда 1-сонли мактаб фаолияти юзасидан вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилади.

Аввалроқ Самарқанд вилояти Нуробод туманида IТ мусобақасида ғолиб бўлган 13 ёшли мактаб ўқувчисига эски ноутбук берилгани, бунинг ортидан туман «замҳокими» ҳайфсан олгани, сўнг ўқувчига янги ноутбук совға қилингани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: