19:54 | 05.02.22

                       

Тошкентда танасига 2 та арматура кириб кетган 17 ёшли йигит ҳаёти сақлаб қолинди — фото

Бахтсиз ҳодиса унинг қурилиш жараёнида иккинчи қаватдан йиқилиб тушиши оқибатида содир бўлган

Тошкент шаҳрида танасига 2 та арматура кириб кетган 17 ёшли йигит ҳаёти сақлаб қолинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, 2021 йилнинг 20 декабрь куни 2005 йилда туғилган Р.С. оғир аҳволда ва ҳушсиз ҳолда шифохонага олиб келинган. Маълум бўлишича, бемор танасига қурилиш жараёнида иккинчи қаватдан йиқилиб тушиши оқибатида диаметри 15 миллиметрли иккита арматура бўлаги кириб кетган. Шундан сўнг у зудлик билан тез ёрдам машинасида шифохонага олиб келинган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази қабул бўлимида бир қанча мутахассислар кўригидан сўнг беморнинг бош мия, бўйин, кўкрак ва бел-умуртқа соҳалари, кўкрак қафаси, қорин бўшлиғи аъзолари МСКТ қилинган. Шунингдек, қорин бўшлиғи ва кўкрак қафаси ультратовуш текширувидан ўтказилган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

«Металл парчаси бемор кўкрак қафасининг ўнг орқа юзаси, 7 ва 9-қовурғалари орасидан кириб, 6-кўкрак умуртқасини тешиб ўтган ва орқа мия эзилишига сабаб бўлган. Сўнгра ўнг ўмровости артерияси тагидан ўтиб, бош суяги мия асосининг ўрта чуқурчасини тешиб кирган. Бош мия ўрта даражада лат еган. Бундан ташқари, ўнг чакка суяги ва орқа миянинг очиқ, тешиб ўтган жароҳати, 6-кўкрак умуртқасининг майдаланиб синиши каби ўта оғир шикастланишлар бемор ҳаётига хавф солиб турган эди», — дейди ушбу марказ директори Дониёр Алимов.

Шу сабабли марказнинг кардиохирург, нейрохирург, торокал ва умумий жарроҳ, травматолог, анестезиолог ва реаниматолог каби 10 дан ортиқ энг малакали мутахассислар томонидан 5 соатдан зиёд вақт давомида амалиётда кам учрайдиган мураккаб жарроҳлик операцияси муваффақиятли ўтказилди. Натижада беморнинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

«Бу бахтсиз ҳодиса ҳақида эшитганимда ўзимни йўқотиб қўйдим. Ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Боламнинг ҳаётини сақлаб қолган шифокорлардан бутун умр миннатдорман», — дейди беморнинг онаси Р.Ражабова.

Ҳозир унинг аҳволи қониқарли, гемодинамик кўрсаткичлари барқарор бўлиб, муолажа жараёнлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: