13:30 | 03.05.24

                       

Болалар нафақаси ва моддий ёрдам учун онлайн ариза бериш йўлга қўйилди

Болалар нафақаси ва моддий ёрдам учун онлайн ариза бериш йўлга қўйилди. Ариза «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими томонидан ўрганилади.

Ўзбекистонда кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлашга онлайн ариза бериш йўлга қўйилди. Бу ҳақда Ягона интерактив давлат хизматлари портали хабар берди.

Фото: Bugun.uz

«My.gov.uz» орқали кўрсатиладиган ушбу хизматдан кам таъминланган, жумладан, оиласида 18 ёшгача фарзанди бор ижтимоий нафақа олиш истагида бўлган талабгорлар фойдаланиши мумкин.

Болалар нафақаси 12 ой (бола 18 ёшга тўлгунга қадар), моддий ёрдам 6 ой муддатга тўланади. Болалар нафақаси ва моддий ёрдам миқдорлари қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган.

Талабгорлар ушбу хизматдан фойдаланиш учун:

  • «My.gov.уз»да рўйхатдан ўтиши;
  • тегишли хизматни танлаши;
  • ундаги сўровномани тўлдириши ва юбориши керак.

Хизматдан фойдаланиш бепул. Ариза «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими томонидан ўрганилади.

Бунда ариза берувчи оиласининг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган даромад миқдори аниқланади ва белгиланган мезонларга мослиги солиштирилади. Шундан сўнг ижтимоий нафақани тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Маълумот учун, ҳукуматнинг 2021 йил 21 октябрдаги қарори билан тасдиқланган низомда оилада расмий даромад манбаларига эга бўлмаган, охирги 6 ой мобайнида иш излаб меҳнат органларига мурожаат қилмаган, меҳнат органларида ҳисобда турмаган, ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилмаган ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган меҳнатга лаёқатли оила аъзоси мавжуд бўлган ҳолларда болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш рад қилинади. Низомнинг ушбу талаби бола 3 ёшга тўлгунича парвариш қилаётган оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга), расмий даромад манбаларига эга бўлмаган ва охирги бир йил мобайнида «Темир дафтар» рўйхатида бўлган оилаларга нисбатан қўлланилмайди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: