8:58 | 02.05.24

                       

Таниқли актёр ва режиссёр Машраб Кимсанов вафот этди

Таниқли актёр ва режиссёр Машраб Кимсанов вафот этди. У узоқ давом этган хасталикдан сўнг оламдан ўтди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Машраб Кимсанов 2 май куни 69 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси хабар берди.

Таниқли актёр ва режиссёр узоқ давом этган хасталикдан сўнг оламдан ўтди.

Маълумот учун, Машраб Кимсанов «Водийлик келин», «Оловли йўллар», «Отамдан қолган далалар», «Масхарабоз», «Умид», «Зебузар», «Ҳаёт-мамот», «Ҳақиқий эркаклар ови», «Сеҳрли қалпоқча», «Онагинам орзуси» каби кўплаб фильмларда эсда қоларли ролларни ижро этган. Режиссёр сифатида эса «Тоғлик куёв» ва «Беш қисмат» номли фильмларни суратга олган.

У 1955 йил 17 августда туғилган. 1999 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонини олган. 1976-1979 йилларда – «Ўзбекфильм» киностудиясида режиссёр ёрдамчиси бўлиб ишлаган. 1983 йилда ВГИК актёрлик факультетини тамомлаган. 1983-1986 йилларда «Ўзбекфильм» киностудиясида, 1986 йилдан «Ўзбекфильм» киностудияси қошидаги экспериментал киноактёрлар театр-студиясида актёр бўлиб ишлаган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: