13:43 | 03.03.22

                       

ДХХ Тошкент вилоятида молиявий пирамида ташкил қилган шахсни қўлга олди

У 12 кишидан 94 минг доллар, 4 та автомобиль ва 54 бош чорва моли олган

Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти Чиноз туманида молиявий пирамида ташкил қилган фуқарони қўлга олди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, 1979 йилда туғилган А.Н. 2016 йилда молиявий пирамида ташкил қилиб, бир неча ойдан сўнг кўпайтириб, қайтариш шарти билан фуқаролардан пул, автомашина ва бошқа қимматликларни олиш билан шуғулланганлиги учун 2017 йилда суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилган. Унга нисбатан амнистия акти қўлланилиб, 2021 йилнинг декабрь ойида озодликка чиқарилган.

Қайд этилишича, у бошқа фуқаронинг бошқарувида бўлган «Spark» автомашинасини 6500 долларга баҳолаб, қўшимча 2000 доллар беришини талаб қилиб, умумий миқдорда 8500 долларни 10 ойда 17 000 доллар миқдорида қайтариб беришини айтади.

ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у фуқаронинг автомашинаси ҳамда 2000 доллар пулини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Аниқланишича, А.Н. маълум муддатдан сўнг кўпайтириб, қайтариб бериш шарти билан 12 нафар фуқародан 94 минг доллар, 4 та автомобиль ва 54 бош чорва ҳайвонини (автомобиллар ва чорва ҳайвонларининг умумий баҳоси 394 миллион сўмни ташкил қилади) олган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, А.Н.га нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: