23:26 | 17.03.22

                       

Тошкентда Telegram’да аёл номидан профиль очиб, товламачилик қилган йигит ушланди

У фуқаролардан шахсий ёзишмаларни тарқатмаслик эвазига пул талаб қилган

Тошкентда Telegram’да аёл номидан профиль очиб товламачилик қилган 18 ёшли йигит ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи матбуот котиби хабар берди.

Фото: Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи матбуот котиби

Маълум қилинишича, Янгийўл шаҳрида яшовчи 25 ёшли Д.З. Telegram ижтимоий тармоғида «Бабаджанова» (аёл номига очилган) профили эгаси билан танишиб, у билан бир қанча вақт мулоқот қилади. Жараёнда «Бабаджанова» аккаунти эгаси ўзини аёл киши деб таништириб, фуқаро Д.З. га бир нечта аёлларнинг беҳаё лавҳалари акс этган видеоларни юборади. Д.З. ҳам унга жавоб беради ва тармоқ орқали виртуал муносабат ўрнатилади. Шундан сўнг «Бабаджанова» аккаунтидаги номаълум шахс фуқаро Д.З. га у билан бўлган шахсий ёзишмаларни ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик ва шарманда қилмаслик эвазига дастлаб 200 минг сўм пулларни пластик карта орқали олишга эришади ва орадан вақт ўтиб, яна 100 доллар талаб қилади.

Қайд этилишича, Д.З. нинг аризасига асосан Янгийўл шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор ходимлари томонидан ўтказилган қидирув тадбири натижасида аёл киши номига профиль очиб, фуқаролардан шахсий ёзишмаларни тарқатмаслик эвазига пул талаб қилиб келаётган Тошкент шаҳрида яшовчи 2003 йилда туғилган М.З. (йигит) ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан фуқаро М.З. га нисбатан Янгийўл шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Telegram ижтимоий тармоғида Шавкат Мирзиёев номига ўзбекистонликлар учун ёрдам пули тарқатиладиган сохта бот яратилгани хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: