16:10 | 08.05.22

                       

Афғонистондан Тожикистонга 7 та ракета учирилгани хабар қилинди

Снарядларнинг тўрттаси Амударёга, учтаси ўрмонга тушган

Афғонистонда «Толибон» ҳаракати аъзолари ҳамда террорчилик ташкилоти ўртасидаги қуролли тўқнашув оқибатида ракеталар тасодифан Тожикистон ҳудудига ўтди. Бу ҳақда «Ховар» ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»/ Иллюстратив

Маълум қилинишича, 7 май куни соат 11:45 да Тохар вилоятининг Хўжагор туманида «Толибон» ҳаракати ва «ИШИД» халқаро террорчилик ташкилоти аъзолари ўртасида қуролли тўқнашув юз берган. Ушбу ҳудуд Тожикистон давлат чегараси яқинида жойлашган бўлиб, снарядлар тасодифан мамлакат ҳудудини кесиб ўтган. Қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.

Ҳозирда «Толибон»нинг тегишли тузилмалари Тохар вилоятининг Хўжагор туманида террорчи гуруҳларни аниқлаш ва зарарсизлантириш бўйича чоралар кўрмоқда. Тожикистон Давлат хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинлари бўлинмалари тўлиқ жанговар шай ҳолатга ўтказилган.

«Sputnik Тожикистон»нинг келтиришича, Тожикистон–Афғонистон чегарасидаги вазият барқарор деб баҳоланиб, тожик чегарачилари назоратига олинган.

Тожикистон чегара хизмати Афғонистондан ракета зарбаси берилганини тасдиқлаган. Уларнинг 4 таси Амударёга, яна 3 таси яқин атрофдаги ўрмонга тушган. Қўшимча қилинишича, ҳодиса оқибатида ҳарбий хизматчилар ва маҳаллий аҳоли жабрланмаган.

Аввалроқ Ўзбекистон–Афғонистон чегарасида тунда отишма бўлгани хабар қилинганди. Ташқи ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқда тарқалган хабарга муносабат билдирган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: