14:51 | 28.07.22

                       

Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу Ўзбекистонга келди

Пўлат Бобожонов туркиялик ҳамкасби билан расмий учрашув ўтказган

Ўзбекистон ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг таклифига биноан Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Ташриф давомида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари иштирокида расмий учрашув бўлиб ўтган. Унда томонлар уюшган жиноятчилик, терроризм ва экстремизм, одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш ҳамда ушбу соҳада ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Шу билан бирга, икки давлатнинг соҳавий таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва ходимларнинг малакасини ошириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар белгиланган. Бу борада Ўзбекистон ички ишлар органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, хусусан, кибержиноятчиликка қарши курашиш ҳамда криминалистикага оид мутахассисларни тайёрлашда турк тажрибасининг ютуқларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги таъкидлаб ўтилган.

«Тадбир жараёнида вазирликлар ўртасида халқаро шартнома ва ҳужжатларнинг амалга оширилиши юзасидан олиб борилаётган ишлар, жумладан, имзоланган икки томонлама битимларнинг кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат процедураларини тезлаштириш масаласи ҳам кўтарилди», — дейилади хабарда.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Турк делегацияси Ўзбекистонга ташрифи давомида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси Ситуацион маркази фаолияти билан яқиндан танишиши режалаштирилган. Шунингдек, делегация Хоразм вилоятига ташрифларини давом эттириб, у ерда тарихий объектларда хавфсиз туризмни таъминлаш, бу борада ўзбек ҳамкорларининг фаолияти ва турк тажрибаси бўйича фикр алмашишини мақсад қилган.

Эслатиб ўтамиз, 21 апрель куни Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши бош котиби Виктор Маҳмудов бошчилигидаги делегацияни Туркия ички ишлар вазири билан учрашганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: