19:11 | 01.08.22

                       

Сурхондарёда 2,5 млрд сўмдан ортиқ пулни талон-торож қилган МЧЖ раҳбари ушланди

Маблағ Осиё тараққиёт банки ҳисобидан узумзор ва томчилаб суғориш тизимини жорий этиш учун ажратилган бўлган

Сурхондарё виллояти Жарқўрғон туманида 2,5 млрд сўмдан ортиқ пулни талон-торож қилган МЧЖ раҳбари ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, вилоят прокуратураси томонидан Президентнинг 2017 йил 2 мартдаги «Осиё тараққиёт банки иштирокида ‘Мева-сабзавотчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш’ лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисид»ги ва 2022 йил 1 мартдаги «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари ижроси ўрганилган.

Ўрганиш давомида туманда фаолият кўрсатиб келувчи «КТ» МЧЖ раҳбари А.Қ.га Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан узумзор ва томчилаб суғориш тизимини жорий этиш учун ажратилган 2,5 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағлари талон-торож этилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан «КТ» МЧЖ раҳбари А.Қ. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкент шаҳри Яккасарой туманида 4 миллиард сўмни талон-торож қилган дорихона бошқарувчиси аниқланганди. Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида олиб борилган ўрганишлар натижасида йўл инфратузилмаси объектларида бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: