9:52 | 18.10.22

                       

Россияда ҳарбий самолёт турар жой биносига урилиши оқибатида ҳалок бўлганлар 13 кишига етди

ФВВ вайроналарда қутқарув-қидирув ишларини якунлаган

Россиянинг Ейск шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирига самолёт келиб урилиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 13 кишига етди. Уларнинг уч нафари болалар, деб хабар беради «Коммерсантъ».

Фото: Telegram

«ФВВ қутқарувчилари томонидан Ейсдаги самолёт қулаган жойдаги вайроналар остидан қурбонларнинг жасадлари топилди. 18 октябрь соат 06:00 ҳолатига кўра, фожиа оқибатида 13 киши ҳалок бўлган, жумладан, уларнинг уч нафари болалардир», дейдилади Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати мазкур хабарни тасдиқлаган. «Қутқарувчилар вайроналар остидан қидирув ишларини якунлади. Қутқарув-қидирув ишлари давомида 10 кишининг жасади топилди», дея таъкидланади хабарда. Шунингдек, 68 киши қутқарилган, 360 дан ортиқ аҳоли эвакуация қилинган.

Ҳодиса оқибатида 19 киши жабрланган. Уларнинг тўрт нафари Краснодар ўлкаси шифохонасига юборилган. Жабрланганлар орасида икки нафар ҳомиладор аёл ҳам бор, оғир жароҳат олганларнинг икки нафари болалар.

Дастлабки маълумотларга кўра, Су-34 самолёти парвоз вақтида двигателининг ёниши оқибатида қулаган. ФВВнинг ёзишича, у кўп қаватли уй билан тўқнашган бўлсада, портламаган. Ёнғин ёнилғининг оқиб кетиши натижасида юзага келган. Иккала учувчи ҳам катапультани ишга туширишга улгуриб қолган.

Аввалроқ Россиядаги ҳарбий машғулот майдончасида содир бўган отишмада 10 дан ортиқ кўнгиллилар ҳалок бўлгани, Россиянинг Белгород шаҳридаги подстанцияга снаряд келиб тушгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: