14:31 | 27.10.22

                       

Самарқандда маҳбус ИИБ ходимлари томонидан қийноққа солингани юзасидан муносабат билдирилди

Айни дамда ҳолат тегишли органлар томонидан ўрганилаётгани айтилди

Самарқандда ИИБ ходимлари маҳбусни қийноққа солиб, унинг қовурғаларини синдиргани ҳақида хабар берилганди. Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати ҳолатга муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, «қовурғаси уриб синдирилгани» айтилаётган шахс 2022 йил 29 сентябрь куни Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 5-сон ИИБ ходимлари томонидан «Қорадори—2022» тадбири 2-босқичи давомида 5,25 грамм бўлган героин гиёхвандлик моддаси сотган вақтида ушланган. Ундан мазкур гиёхвандлик моддаси ашёвий далил тариқасида хужжатлаштириб олинган.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати

Ушбу ҳолат юзасидан 2022 йил 1 октябрь куни Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ хузуридаги ТБ томонидан Ё.С. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати

Шунингдек, тезкор хизмат ходимлари ушбу шахсни ашаёвий далиллар билан қўлга олган вақтида у жароҳати борлигини айтган. Яъни у 20 сентябрь куни Ургут туманида ўзига тегишли бўлган ИЖ русумли мотоциклидан йиқилганини таъкидлаган.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати

«Ходимлар фуқарони Самарқанд шаҳрига олиб келиб, тиббий кўрикдан ўтказишган. Шифокор тиббий маълумотномаси, ҳақиқатдан ўзи тадбирдан 10 кун олдин мотоциклидан йиқилганлиги тўғрисидаги фуқаронинг берган тушунтириш хати ҳамда ҳолат бўйича тузилган далолатномалар мавжуд», дейилади муносабатда.

Қўшимча қилинишича, айни дамда ҳолат тегишли органлар томонидан ўрганилмоқда.

Аввалроқ Фарғонадаги тергов ҳибсхонасида маҳбус қийноққа солингани, Омбудсман қийноққа солиш ҳолатларини ўрганиш мақсадида Хоразмга боргани, Фарғонада ИИБ ходимлари фуқарони калтаклагани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: