15:46 | 23.11.22

                       

Зангиота ҳокими ёрдамчиси ва унинг шериклари пора билан ушланди

Айбдорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда

«Тошкент метрополитени» ДУК ходими, Зангиота тумани «Бўзсув» ҚФЙда ҳоким ёрдамчиси ва унинг шериклар пора билан қўлга олинди. Бу ҳақда «Тошкент метрополитени» ДУК матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Тошкент метрополитени» ДУК матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 2022 йил 16 ноябрь куни «Тошкент метрополитени» ДУКнинг «Режим ва ички хавфсизлик» хизмати ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида уюшган жиноят гуруҳ аъзолари «Х.Г.» («Тошкент метрополитени» ДУК ходими), «А.Р.» (Зангиота тумани «Бўзсув» ҚФЙда ҳоким ёрдамчиси) товламачилик йўли билан талаб қилинган 5 минг доллардан 5 миллион сўм пулни «Х.Ж.»дан олаётганида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Шунингдек, тадбир давом эттирилиб, уларнинг шериклари «З.А.» (вақтинча ишсиз) ва «А.Б.» (вақтинча ишсиз) ҳам қўлга олинди.

Айбдорларга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Зангиотада маҳаллабай ишлаш бўйича ҳоким ёрдамчиси пора билан ушланганди. Шунингдек, Самарқандда пора билан ушланган ҳокимлик ходими ёнидан гиёҳванд модда топилгани айтилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: